Мухаммад Сoлих

Валфажр

 

Кумен нашриёти. Туркия, Коня - 2005

 

Тошкент, Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриётида 1990 йили чоп этилган "Орзу Фуқороси" китоби асосида тайёрланди


 


Сўзбоши

Шу тубандаги  китоб менинг қаламимдан чикди. Аввал Совет даврида ёзилган, гизли ёки ошкор ширк асоратлари ташиган шеърлардан воз кечдим. Баъзи даҳрий калималарни тузатдим, бош эгмаганларини эса дарҳол бошини учирдим - таҳрир этдим.

Ўтган асрнинг 84-чи йилида шу шеърни ёзган эканман:

Бу ҳаётни англасам бир кун
Ва ўлимни тушуниб етсам,
Ҳатто сизнинг кўнглингиз учун
Шеър ёзмайман, ёзмайман ҳеч ҳам!

Бир кун кўрсам бахт-саодатни
Кўриб қолсам агар дафъатан,
Ташлагандай ёмон одатни
Шеър ёзишни ташларман албат!

(1984)

Ўйлайман-ки, мен излаганим бахту-саодатни топдим, хузурга эришдим, иншоллоҳ. Ва сўзимни  тутдим: ортиқ шеър ёзмайман. Кейинги йилларда қофияли битилган 3-4 та матн эса асло шеър эмасдир, нафсимини қўлида тутган параврдигорга шукрдир фақат.

Ва яна унинг изни ила шукр қилишда давом этаман.

Совет даврида ёзилган шеърлардан шу қўлингиздаги китоб ташқарисида менинг исмимдан босилган ҳар қандай шеърий матн - меники эмасдир
. Бунга сиз шоҳид бўлинг.

Эҳтиром  ила,

Муҳаммад Солиҳ

Октябр, 2004

 

 

 


Янги матнлар


 

Ғариб дарахт

 

Одамлар каби мен дунёни кезиб
ёза олмадим-ку шеьрий туркумлар,
чунки ота юртдан чиққаним сезиб,
тарк этарлар мени ҳижо, рукнлар.

 

Чунки келиши-чун кўзларимга ёш
пайдо бўлиши-чун илҳом юракда,
менга жуда зарур аччиқ бир қуёш,
кескин континентал иқлим керакдир.

 

Шундай экан, денгиз қирғоқларидан,
яшил ўрмонлардан менга сўз очма,
мен ёлгиз Туркистон тупроқларида
ўса оладиган ғариб оғочман...


(1994)

 

 

 

На гўзал

 

Бир ёнда ожизу, бир ёнда кучли,
кураш бошланaркан тарафма-тараф
ожизнинг ёнини олганинг учун
"хоин" деб ном олмоқ нақадар шараф!

 

На шараф, халқини қул этган подшоҳ
"менинг душманим" деб сени атаса,
жазавага тушса исминг эшитган чоғ
китобингни ўқиб, йиртса, топтаса!

 

На шараф-ки зулмга "зулм!" деёлсанг,
бошингда ҳар куни синса-да тўқмоқ,
шайтондан қўрқмаслик нақадар гўзал,
на гўзал ягона Оллоҳдан қўрқмоқ!  


(1994)

 

 

 

 

 

 

Прага турмасида ёзилган шеьр

 

Бугун душман кулиб, дўст йиғлаган он

Умидини  ёлгиз Сенга боғлаган он

ё Раб, бизни қўлла, қоп -қора зоғлар

булбулнинг ўрнида чаҳ - чаҳлаган он!

 

(2001)

 

 

 

 

 

Миш-миш

 

"Ўша сизлар билган шоир М.Солиҳ
аллақачон ўлган, йўқ бўлган, синган!
Дунёни тарк этиб дарвиш мисоли
берилган эмиш у тамоман динга!"...

 

Қани, тўгри бўлса авомнинг гапи,
аввалги М.Солиҳ ўлган бўлсайди,
юраги дарвишлар юраги каби
динга, фақат динга тўлган бўлсайди!

 

(2003)

 

 

 

Маҳшар кунида

 

Орзу этмакдаман: ҳисоб кунида
Раббим кўрар экан менинг ишимни,
менга "қулим Солиҳ" дейиш ўрнига
"солиҳ қулим" дея сасланишини..

 

(2003)

 

 

 

Ҳаё

 

Оллоҳим, авлиёлар жаннатни сендан
ҳаё этгани-чун сўрамадилар.
Мен эса сўрадим, сўрамасликдан
ҳаё этганим-чун сўрадим, ё Раб.

 

(2003)

 

 

 

Қўрқув

 

Бу дунё мастликдир. Қўрқяпман қараб:
ҳеч кимдан қўрқмасмиш инсон мастликда -
сендан қўрқмасликдан қўрқяпман, ё Раб,
сенга сиғиняпман сиғинмасликдан!


(2003)

  

 

 

                                                             


ИЛК ШЕЪРЛАР


 

 

 

ИЛК БОР

 

Дарахтлар кутгансимон баҳорни,

Йигитча илк бора кутарди ёрни.

 

Мана, келди унинг кўнгил чироғи.

Лоламисол ёниб икки ёноғи.

 

Йигит ўпмоқчийди…чекинди-ку қиз

Ва деди оҳиста: «Биз ҳали ёшмиз…»

 

Ўша кеч йигитча қайтиб телбавор

Лабига устара теккизди илк бор.

 

1966

 

 

 

ТОЛДАГИ ЁЗУВЛАР

 

Севгимиздан воқиф, гувоҳ барига

Ўша тол билади дардларим фақат.

Бир пайтлар исмимни унинг бағрига

Тилгандим, айбдор менмас-муҳаббат.

 

Ўша кун ҳазилкаш, гўзал, барно қиз,

Исмин ёзди толга исмимдан узоқ.

Висол оғушида эдик иккимиз,

Толдаги исмлар чекарди фироқ…

 

Турибман ўша тол қошида яна

У кунларни эслаб учади хаёл.

Мен ҳижрон ўтида ўртансам, мана,

Толдаги исмлар айлабди висол!

 

1967

 

 

 

ИХТИЁР

 

Кузатаркан, намлидир кўзинг,

Менинг учун нега ғам ейсан?

Қарашимни ўғирлаб ўзинг,

Яна менга «қараманг» дейсан.

 

Сени дея қолсам йўлимдан

Майлими, деб сўрайман аста,

Ихтиёрим олиб қўлимдан,

Дейсан яна «ихтиёр сизда…»

 

1970

 

 

 

БАҲОР ШАМОЛИ

 

Тиниқлашди осмону фалак,

Булутлар кетдилар шимолга,

Қишнинг кемтик тиши - сумалак

Синди дош беролмай шамолга.

 

Ортга қарамайман… эҳтимол,

Эриб кетди йўлдаги изим…

Қишнинг тишин синдирган шамол

Силаб ўтар негадир, юзим…

 

1967

 

 

 

 

БИОЛОГИК ШЕЪР

 

Қоронғи бурчакда мўлтирар қўйлар,

Қараган одамнинг дили ачийди -

Хашак кавшаса ҳам қиш бўйи улар

Бари бир оч эди, қўйлар оч эди.

 

Ахир, қиш ўртаси, йўқ эди кўклам,

Майсалар қуёшга интизор эди,

Уларга ер бағри иссиқ бўлса ҳам,

Қуёшга зор эди, улар зор эди…

 

Ниҳоят, ниш урди майсалар шодон…

Қўй-қўзи уларни шу зум еб кетди.

Начора, оч эди қўйлар беомон,

Майсалар-чи, қуёшга, ахир, зор эди…

 

1970

 

 

 

АРАФА

 

Бу қишлоққа келмаганди ҳали қалдирғоч,

Уйларнинг ҳам ёпиқ эди деразалари,

Дарaхтлар мудрар эди ҳали яланғоч,

Деҳқон эса пўстинини ечмаган ҳали.

 

Боғда гулнинг ҳиди эмас, шамол кўп изғир,

Ток ҳам ҳали кўтармаган ердан ўмганин,

Эшитарди  лекин баъзи одамлар - сезгир -

Кечалари дарёдаги музнинг синганин.

 

1971

 

 

 

ТЕРАК

 

Фақат Одам эмас эркни севгувчи…

Занжирда ўлишни истамайдиган,

Фақат одам эмас, буни-чи,

Ҳатто дарахтлар ҳам истамас экан.

 

Терак туғилмади - уни экдилар,

Балки кўкармасди билганда буни:

Оёғига, ахир, тушов эдилар

Томирлари, яъни, ҳаёти унинг!

 

Афсус! Озодликни у ҳам севарди -

Орқага бўлса-да, ташлашни қадам,

   Лекин терак учун бир йўл бор эди -

Ўнггамас, чапгамас, осмонга у ҳам!

 

Қаранг, бари бир у ношукур бўлмай,

Хурсанд ўса бошлар болаларсимон,

Лекин, у ёғи-чи, юриш мумкинмас,

Эҳ, яна мумкинмас… у ёғи - осмон…

 

1970

 

 

 

ШОИР

 

Алпсифат эмасдир унинг қомати,

Даъвогар эмас у қаҳрамонликка.

Ҳавасга арзимас шоир омади,

Юраги ўхшайди сизларникига.

 

Фақат бир нарсага берсангиз бас тан:

Шодликда кўп бўлар унинг қувончи,

Ғамга ҳам яқин у - сизларникидан

Кўз ёши кўпроқ бир-икки томчи…

 

1970

 

 

 

* * *

Гоҳ юрак оёққа буюрар,

Лозимдир олдинга юрмагинг!

Оёғим олдинга юрса гоҳ,

Ортга тортиб кетар юрагим!

 

1970

 

 

 

* * *

Сенинг гўзаллигинг бошланган жойда,

Шеърий иқтидорим бўлади тамом.

Сатрлар уялар сен бўлсанг пайдо,

Сатрлар келади сен кетган ҳамон.

 

1970

 

 


«БЕШИНЧИ ФАСЛ» КИТОБИДАН


 

 

УЙҒОНИШ

 

Баҳорда бир шўх телбалик бор,

Мажнунлик бор  толлар шаклида,

Ялтиллайди қишги умидлар

Одамларнинг кўзи тагида…

 

Қорачиғим қитиқлар ранглар!

Паришонлик тўзар парлардай…

Юрак қадаҳ мисол жаранглар,

Томирларда оқа бошлар май…

 

Оламан-да шеър дафтаримни

Яқин хиёбонга учаман!

Менинг мудроқ қадамларимни

Уйғотади тош йўл-кўчалар.

 

1974

 

 

 

ПИЁДА ТОҒЛАР

 

Биз тоғлар қошидан поезда учдик,

Қўл силтдик уларга гоҳо дарёдан.

Минг бор «салом»лашиб, минг «хайр»лашдик,

Тоғлар-чи, пиёда… пиёда.

 

Улар жуда секин боришаётир,

Учиш истаклари йўқдир самода.

Шундa ҳам етарлар бамайлихотир

Ўзга асрларга… пиёда.

 

1974

 

 

 

ХУШБЎЙ КУНЛАР

 

Атиргуллар портлайди аста…

Сени хушбўй кунлар эркалар.

Қизаради қуёш остида

Нон мисоли очиқ елкалар.

 

Шеър битмоқ бу кунлар аро -

Яратган  олдида даҳрийлик.

Май сипқармоқ бурчак-бурчакда -

Баҳор мастлигидан айрилиқ…

 

1974

 

 

 

КЕЧИККАН БАҲОР

 

Ҳеч ким шеър ёзмади бугун,

Новданинг бўғзида қолди куртаклар.

Юраклар - кўкракда вазнсиз тугун,

Булут кўр қуёшни юрар етаклаб.

 

Дарахтлар бир-бирига тикилган,

Ҳайрон бир-бирининг ҳолига,

Гўё меҳмонлардай узоқдан келган

Ва ҳеч ким чиқмаган истиқболига.

 

Шоир - шеър,

Новда - япроқ,

Турна қанотини ёзмайди нега?

Наҳот «хайр»лашиб қиш билан, энди

Бирор бир фасл йўқ «Салом!» дейишга?!

 

Бас, етар!

Кутмаймиз энди, ўртоқлар -

Шоир шеърингни ёз! Ёзил, эй тугун!

Новданинг бўғзидан чиқинг, куртаклар,

Бугунги сўзингиз айтинглар бугун!

 

Бизга фасл керак! Фарқи йўқ бизга

Ҳаттоки бешинчи фасл бўлса ҳам!

 

1975

 

 

 

СЕВГИДАН ҚЎРҚМАДИК

 

Севгидан қўрқмадик, Муқаддас севгидан,

Дадил ва мардона олдига бордик.

Кескин ҳаракат-ла, ҳисларга тўла

Юракларни тўкиб юбордик!..

 

1975

 

 

 

МЕНИНГ СЎЗИМ, СЕНИНГ ҒАЗАБИНГ

 

Мен сенга энг аччиқ сўзларимни титраб

Бугун айтаман.

Мен сени бугун аямайин сира,

Сен-чи ғазаблан.

Мен айтиб турайин, сен сўздан титра,

Титра нигоҳдан.

Бугун менинг сўзим, сенинг ғазабинг

Ўтсин никоҳдан !

 

1975

 

 

 

КЎКСИМДАГИ БОШ

 

Мен сени, юрагим, силагим келар,

Эсиз, қолиб кетар менда бу ҳақинг…

Кўксимга сен каби бирорта дилбар

Бошини қўймаган шунчалар яқин!..

 

1974

 

 

 

МАНГУРОҚ  НОМ  ТОПСАНГ…

 

Лолалар тугаган тоғларда,

Тугаган биз учун завқ-шавқлар,

Хазонлар кезади боғларда,

Биз эса кезмаймиз бу чоқлар.

 

Севгини лолага ўхшатиб,

Гўзалим, биз тўғри қилибмиз.

Лоланинг умрини қақшатиб,

Муҳаббат устидан кулибмиз.

 

Кулибмиз севгидан биз майин,

Яхшиси юракни тилсайдик.

Лолани узмасдан кулмайин, -

Биз учун ишқлигин билсайдик.

 

Севгини лолага ўхшатма!

Энди биз бу ҳақда айтмайлик.

Ишқимиз ёшларга сен айтма…

Мангуроқ ном топсанг айт, майли.

 

1971

 

 

 

БОЛАЛИК

 

Мен бунга ўзимни кўришга келдим,

Аммо мен йўқ эдим жийда тагида.

У пайт эртакларга ишонар эдим,

Учиб кетдиммикин эртакдагидай?

 

Балки мен ҳали ҳам ўша баҳорда

Юрибман қушларга егулик ташиб.

Балки "ҳалок" бўлдим қоронғи ғорда

Ўн бошли аждаҳо билан олишиб?...

 

Оҳ, учгим келади Болалик томон,

Лекин на кўролдим, на унга тўйдим.

Учмоққа қанот ҳам йўқдир бу замон,

Чунки мен эртакка ишонмай қўйдим.

 

1974

 

 

 

 МАКТУБ

 

Хатим қисқа бўлди, она,

Сенинг уйқунг каби қисқа.

Табиат сени уйқудан, она,

Мени эса сўздан қисган.

 

Бу қисқа хат орамиздаги

Масофани қамрар бехосдан!

Мaктуб ҳам бир парча, ҳар ҳолда,

Сиғар юзларингни боссанг…

 

1975

 

 

 

ХАЁЛ

 

Бунда лойқа эмас сукунат -

Саслар чўкиб ётар қаърида.

Бунда мутлоқ шаффоф табиат,

Мен ҳам софман унинг бағрида.

 

Ерлар тоза, осмонлар тоза,

Ёмғир ювган чангли майсани.

Қуртлар тоза, илонлар тоза -

Ўпиш мумкин ҳамма нарсани…

 

1974

 

 

 

ЁМҒИР

 

Шундоқ деразанинг ортида

Мендан қочиб, яшириниб, жим.

Осмоннинг кўз ёшлари билан

Учрашади менинг қувончим.

 

1974

 

 

 

ГЎЗАЛ ИЗИДАН

 

Бир сирли шарпадан кетаман уйғониб,

Кимнингдир киприги юзимга қадалар.

Бўйнимдан сочми у ўтади сирғалиб,

Яна ҳам сирлироқ тундаги қадамлар.

 

Шарпанинг изидан мен туриб бораман,

Гуноҳни унутиб, тушаман пайига.

Ойнани очаркан, мен уриб оламан

Пешонамни… Тонгнинг оқ манглайига.

 

1973

 

 

 

ЙЎЛ

 

Сенинг билан борар эдик жим, -

Йўл борарди яна ҳам жимроқ.

Гўё биздан у юмган кўзин,

Гўё бизга солмайди қулоқ.

 

Борлигини унинг бари бир

Сезар эдик келганда довон.

Йўл бечора бой бермайин сир,

Интиларди бўлай деб равон.

 

Йўл - учинчи - ортиқча эди,

Юрмади ҳам бизга илашиб,

Мағрурона изига қайтди,

Бизлар эса кетдик адашиб.

 

1973

 

 

 

ОВОЗИМ

 

Овозим!

Эшит, мен айтайин ўз билганимни.

Чиройли кийинган Овозим,

Биласанми қандай туғилганингни?..

Ибтидоий яшинлар чақнаган кунда,

Қип-яланғоч эдинг…мен билан бирга.

Энди сени таниб бўлмас, мени ҳам шундай,

Биз анча тушундик кийим деган сирга!

Сен энди ечинасан нафрат олдида,

Бутун гўзаллигинг, жозибанг билан!

Баъзилар тескари қарайди шунда…

Ҳар ҳолда кийимдек гўзалмас бу тан!

 

1974

 

 

 

ЙИЛЛАР

 

Бу хушбўй йилларни,

Бу рангдор йилларни,

Гул каби бирма-бир узаман.

Умр бўйи мен сархуш юриб,

Улардан гулдаста тузаман.

Бир куни бу хушбўй,

Бу рангдор гуллар

Сиғмай қолар ахир, бағримга,

Шунда мен ачинмай, уларни

Қўяман ўзимнинг қабримга.

 

1974

 

 

 

АЁЛ

 

Аёл пайдо бўлди ҳовлида;

Қуёшга қаради, кўзини қисди

Ва дорга эрининг баҳайбат, содда,

Ювилган кўйлагини осди.

 

Пайдо бўлди ҳовлида аёл;

Ҳилпирай бошлади намойишдаги

(Ўша дорда) байроқча мисол

Жажжи ўғилчасин кўйлаги.

 

Аёл пайдо бўлди ҳовлида:

Эҳ-е, бунча ўтли қуёшнинг кўзи!..

Бунисини осмади, қолди қўлида,

Ўзининг кўйлаги буниси…

 

1975

 

 

 

ҚАЙТИШ

 

Қалб  қўрқар ўзининг гўзаллигидан…

Нурлар қайтаётир чеҳрага шу зум,

Кўз ёш қайтиб келди кўзларга бирдан,

Турнадай

Қайтмоқда

лабга

табассум,

Қалбга юзиб келди оғриқ - бир кема…

Ниҳоят уйида, уйида ҳамма!

 

1974

 

 

 

СЕВГИНИНГ БИР СОНИЯСИ

 

Сен - Қушсан,

Хабаринг йўқ сенинг бу сирдан ҳали.

Титраб қарайдирман қанотларингга,

Ахир сен вақтнинг ҳар бир мaҳали

Мумкин тушунмоғинг машъум сирингга!

 

Хайрият, сен бундан куляпсан,

Сўрадинг: «Бу сенга кўринган тушми?»

Хайрият, кўзгуга тикиляпсан,

Фаришта чеҳрадан тополмай қушни.

 

Мен сени тутмадим. Ўрадим фақат,

Ожиз хаёлларим тўрини ёзиб.

Йўталиш - бу бахтни ҳуркитмоқ абад,

Қўлни теккизмоқлик сенга - бу орзу…

 

Сенинг қанотларинг қўрқитар мени,

Осмоннинг кенглиги - ундан ҳам баттар.

 

1975

 

 

 

 

АВГУСТ

 

Август.

Ҳеч кимнинг кўнглига тегмайдиган илиқ бир фасл.

Япроқлар саросимада бу майинликдан.

Тунда шивирлаб кўр,

Ойга эшитилади шивиринг.

Жим қадам босасан

Юлдузлар тўкилиб кетмасин дея…

Август.

Япроқлар саросимада.

 

1975

 

 

 

КЕЧИККАН КАПАЛАКЛАР

 

Аччиқ январ уларга,

Кўринар апрел каби.

Капалакка қўналғ&#