![]() |
Муҳаммад Солиҳ – Ўзбекистон парламентида | ||||
|
![]() |
Депутатлик |
| 1992 йил 2 июл куни Ўзбекистон Олий Мажлиси (парламенти)нинг навбатдаги сессиясида депутат Муҳаммад Солиҳ депутатлик мандатини Парламент раиси ва президент Каримов ўтирган девонга улоқтирди ва депутатликдан истеъфо этганини эълон килди. Солиҳ буни унга мажлисда сўз бермаганлари учун қилганини айтди. Солиҳ бу ҳаракатини "Халқим мени бу ерга унинг дардларини айтиш учун йўллади, модомики унинг дардини айтиш имконидан мени маҳрум қилмоқчи эканлар, бу ерда ўтириб, факат хукуматнинг истаган қонунларига қўл кўтариб ўтиришдан ҳазар киламан", деб изоҳлади. Муҳаммад Солиҳ депутатларни Каримовнинг демократик ҳаракатни ҳадаф олиб бошлатган давлат террорига қарши фикрларини баландроқ овозда айтишга чақирди, аммо аксарий кўпчилик бу чақириқни эшитмади ва ёки ўзларини эшитмаганга солди. Эрк партияси раиси сифатида Муҳаммад Солиҳ депутатлик курсисидан максимум фойдаланди, десак муболаға бўламайди. 20 июн 1990 йилда Эрк партияси тарафидан ҳозирланган Ўзбекистон Мустақиллик Декларациясининг Олий Мажлисда қабул қилиниши бу фаолиятнинг чўққисидир. Муҳаммад Солиҳ Олий Мажлис сессияларининг ҳеч бирида лоқайд ўтирмади, ҳамиша ғоялар жабҳасининг олд сафларида, жанговор қадам ташлади, минбардан ўз дардини эмас, доим миллат дардини гапирди. Депутатлик можоросини Муҳаммад Солиҳ ўзининг "Йўлнома" китобида шундай эслайди: Олий Кенгашнинг навбатдаги сессияси 2 июлга белгиланган эди. 30 июн куни Олий Кенгаш раиси Йўлдошев "бир келиб кетасизми?," деб телефон қилди. Бордим. Кабинетида ёлғиз эмасди. Давлат секретари Ражабов, КГБ раиси Алиев, Ички ишлар вазири Алматов ўтиришарди. Илиқ салом-аликдан сўнгра, у ер бу ердан қисқа гаплашдик. Кейин муддаога ўтишди. - Сессияда гапирмоқчи экансиз, яхши, - деди Йўлдошев, - биз бу ерда маслаҳатлашдик-да, ҳозир вазият оғир, кўриб турибсиз, гапирадиганларингизни биз ҳам билсак, чора кўриш керак бўлса, кўрсак, бир-биримизга ёрдам берсак... - Мен хусусийлаштиришнинг нотўғри кетаётгани, ерли халқнинг бундан фойда кўрмаяжагини гапираман, - дедим. - Шуни гапирмасдан ҳал қилса бўлади-ку, - деди Йўлдошев. - Келинг, мен Ўзбекистонда хусусийлаштириш бўйича ишлаётган гуруҳ бошлиғини кабинетимга чақирай, у сизга атрофлича маълумот берсин, - деди, Ражабов. - Менинг гапирмаслигим шунчалик муҳимми?, - дедим кулиб. - Аҳволни кўриб турибсиз, - деди яна Йўлдошев. Бутун суҳбат давомида Алматов ҳам, Алиев ҳам "чурқ" этишмади. Улар таҳдид унсури ўлароқ ўз вазифаларини бажариб ўтиришарди. - Мени халқ Олий Кенгашга унинг дардини айтиш учун сайлаб юборди. Мен сессияда албатта гапираман, гапирмасам, у ерда ўтирмайман, - дедим. - Хўп, бўпти, бўпти, - деди шоша-пиша Ражабов, - эртага бизнинг кабинетда бир чой ичайлик, нима дейсиз, ҳам хусусийлаштириш тўғрисида маълумот берамиз. - Хўп, бораман, - дедим, мен, - бошқа гап бўлмаса, бизга рухсат... Ҳаммасининг юзида мулзамлик бор эди. Ошириб юбордим, шекилли, деб ўйладим ичимда... Эртаси куни Давлат секретари Ражабовнинг ёнига бордим. Саройнинг бешинчи қаватида эди қароргоҳи. Кабинети Президентникидан кам эмасди. Хусусийлаштиришни амалга ошираётган кишини чақирган эканлар. Бечора бир тўда схема-чизгилар, графикларни деворга осиб, хусусийлаштиришдан ерли халққа у қадар зиён келмаслигини исбот қилишга уринди. Балки, у ҳақли эди. Аммо бир миллатвакилининг миллат олдига чиқиб гапирмаслиги учун шунча оворагарчилик нимага лозим бўлдийкин, деб ўйлардим у ерда ўтириб. - Раҳим ака, сизга катта раҳмат бу кўрсатган эътиборингиз учун, - дедим, - аммо мен Олий Кенгашда гапиришим шарт, Каримов қўрқмасин, мен уни танқид қилмоқчи эмасман, муҳимроқ нарсалар бор... Раҳим Ражабов бухоролик, кўнгли очиқ, дангал инсон эди. У мени тушуниб турарди, аммо топшириқни ҳам бажариши керак эди. - Жон ука, шу эртани жанжалсиз ўтказайлик, яна митинг ҳам тайёрлабсизлар, Президент жуда безовта, - деди Давлат Секретари Ражабов. Ҳеч жанжал бўлмайди, - дедим мен, - мана, кўрасиз, мен гапираман, ҳеч жанжал бўлмайди... Хайрлашдик. Давлат секретари хомуш кузатиб қолди. Бундай инсонларга мен доим самимий ачинаман. Нормал шароитда ўлкасига фойдаси тегадиган меҳнаткаш одамлар. Бир бошқарувчининг инжиқлиги туфайли бутун ишини ташлаб, бир депутатни мажлисда гапиртирмаслик учун бир неча кунини қурбон қилаётган бу одам ҳақиқатан ҳам ачинишга лойиқ эди. 2 июл куни эрталаб уйдан чиққанимда, биз яшаётган бино атрофида КГБ айғоқчилари билан иҳота қилинганди. Улар мени Олий Кенгашгача кузатиб боришди. Аммо асос томоша Кенгаш залида бўлди. Мажлис бошланмасдан 10-15 дақиқа аввал келган депутатлар, одатда босиқ, вазмин коммунистлар қий-чув эди. Менинг ҳам қўлимга бир қоғоз беришди. Унда схема чизилиб, залдаги ўриндиқлар кўрсатилган ва ҳар кимнинг ўриндиғи, исми номерлаб қўйилганди. Авваллари депутат ўзи сайланган "округ" депутатлари билан бирга ўтирарди. Бизда фракциялар бўлмаганидан "округ" бўйича жойлашгандик. Мен Тошкент шаҳар округи ҳудудида 5-қаторда ўтирардим, энди эса, бу қўлимдаги қоғоз бўйича мен 20 қаторга, унинг ҳам ўртасига "кўчирилгандим." Қий-чув қилаётган депутатлар бу янги тартиб маъносини тушунмаса-да, мен тушунгандим. Менга ўхшаган одамлар сўз олиб, минбарга чиқиши қийинлашсин, деб, унинг олдига шундай жисмоий ва психологик тўсиқлар ўйлаб топишганди. Бунга албатта, нормал одамнинг ақли бовар қилмайди. Мен сўз олишим учун узоқдан бақиришим керак, чунки, менинг микрафонимни ўчириб қўйишган бўладилар. Бундай бақириқ атрофдаги уйқусарак коммунистларнинг асабини қўзғотиши лозим. Сўз беришмаганидан кейин қаторнинг ўртасидан йўлакка чиқиш учун камида 15 та қориндор шаввозни сиқиштириб роҳат-фароғатига футур етказмоғим ва бунинг нисбатида қарғишларини олмоғим керак. Токи, ниҳоят, минбарга чиқиб гапира бошласам, роҳатини бузганим мавжудотлар менга қарши норозилик чапакларини гулдурос билан чала бошласинлар. Лекин мен бу тўсиқларга қарамасдан сўз олишга, гапиришга мажбур эдим. Ҳукумат сўнгги икки ойда шу қадар ҳаддидан ошганди-ки, қайта қуриш даврида сиёсатчи бўлиб шаклланган одам бунга чидаб ўтиролмасди. Мен ўшандай "шаклланган"лардан эдим. Сессия бошланиб, Олий Кенгаш раисининг насиҳатлари битгандан кейин, мен сўз сўрадим. Менинг столимдаги микрафон ҳали ўчирилмаган эди, Кенгаш раиси эшитди, аммо эшитмаганга олди. Мен сўровни такрорладим. Раис "шошмай туринг," деди ва ёнида ўтирган Ислом Каримов билан шивирлашди. Телевидение мажлисдан тўғри трансляция қилинаётганди, янглишмасам. Шу боисми, очиқ жанжал чиқишидан қўрқиб, аввалига юмшоқ ҳаракат қилишди. Аммо улар тўқнашув муқаррар эканини билишарди. Сессия олдидан мени изоляция қилиш ташаббуслари бекорга кетганди. Лекин менга сўз бермаслик учун улар ҳам "қасамёд" қилгандилар. Бу депутатларнинг ўринларини алмаштириш ҳодисасидан кўриниб турарди. Мен ҳам агар сўз беришмаса, депутатлик мандатини бу тўраларнинг олдига улоқтиришга қарор қилдим. Бу радикал қарор эди, аммо кундан-кунга кучаймоқда бўлган зулмга қаттиқ бир услубда "тўхта," дейиш зарур эди. Ўйладим-ки, агар ҳозир сўз беришмаса, бундан кейин ҳеч қачон сўз беришмайди. Уч йил депутатлик даврида сўз олиш истагимни бирор марта рад қилишга журъат қилаолмагандилар, энди бу журъатни топдилар. Агар уларга бўйин эгсам, мен ҳам ёнимда ўтирган сассиз коммунистлардан бирига айланаман, бундан Худо сақласин, деб ўйлардим. Бу мутеликни ҳеч бир сиёсий мақсад, ҳатто партия раислиги масъулияти ҳам менга қабул қилдираолмасди. Мен учинчи марта микрафонга эгилдим, аммо овозим у тарафда эшитилмасди, микрафонни ўчиришганди. Ўрнимдан турдим ва Олий Кенгаш раисига "ўртоқ Йўлдошев, мен сиздан сўз сўраяпман, эшитмаяпсизми?" дедим баланд овоз билан. - Ўртоқ Мадаминов ўтиринг, ўтиринг деяпман, сизга!, - дея ҳайқирди Кенгаш раиси ва ўрнидан турди. - Агар сўз бермасанглар, мен уни оламан, - дедим ва қаторнинг ўртасидан туриб, йўлакка томон йўналдим. - Мадаминов, ўтиринг, ўтиринг деяпман, сизга сўз бераман!, - дея ҳайқиришда давом этди Олий Кенгаш Раиси Йўлдошев. Мен депутатларнинг ҳайрон боқишлари оралаб туртина-суртина ниҳоят йўлакка чиқдим ва тез одимлар билан минбарга қараб юрдим. - Ўртоқ депутатлар, танаффус!, - дея бақирди бирдан Кенгаш раиси, - танаффус эълон қиламиз, ўртоқ депутатлар! Танаффусга ҳали 40 дақиқа бўлишига қарамасдан, Президент Ислом Каримов бу эълонга биринчи қулоқ солганлардан бўлди, тез ўрнидан туриб, парда орқасига қоча бошлади. Муболаға қилмаяпман, Кенгаш раиси ҳам худди бир фалокатдан яширинаётгандай саҳнадаги кулис орқасига чопқилаб қоча бошлади. Мен минбарга чиққанимда президиумда ҳеч ким қолмаганди, шу қадар тез ғойиб бўлишганди. Микрафонни чертиб кўрдим, албатта, ўчирилганди. Телевизион камераларнинг объективлари ҳам уятдан ерга қараган одам каби пастга қараб туришарди. Кенгаш раисининг ҳаяжонли қилган чақириғига 20-30 киши бўйсуниб, ўрнидан туришган ва мажбурий танаффусга ҳозирланаётганди. Қолганлари нима бўлганига ақли етмай, ҳангу-манг ўтиришарди. - Ҳурматли депутатлар, кўриб турибсиз, Ўзбекистонда диктатура тўла ўрнатилди, ҳатто миллатвакиллари ҳам сўзлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинмоқда, мен бунга норозилик сифатида депутатликдан истеъфо қилганимни эълон қиламан... Ва шунга ўхшаган бир неча калима сўйладим минбардан. Кейин орқамга ўгирилиб ҳайъатнинг бўм-бўш столига, Ўзбекистон президенти ўтирадиган жойга депутатлик мандатини улоқтирдим. Кейин ғала-ғовур орасида залдан чиқдим. Фойеда бизнинг "Эрк" фракциясидан йигитлар келиб, нималардир деди, эсимда йўқ. Балки бу ҳаракатимдан қайтаришни истагандирлар, аммо мен учун орқага йўл йўқ эди. Фойедан Олий Кенгаш боғчасига чиқдим. Шукрулло Мирсаидов яқинлашди. "Тўғри қилмадингиз, бир оз кутиш керак эди," деди. Кулдим, жавоб бермадим. Ёнимда турган билан хайрлашиб, Кенгаш биносини тарк этдим. Шофёрни "тушдан кейин келасан," деб юборгандим. Кенгашдан "бевақт айрилиш" фикри эрталаб йўқди. Партия марказига пиёда кетдим. Йўл, йўлаклар миршабларга тўлиб кетганди. Кўпчилигига таниш эдим. Ҳар қадамда "салом"га алик олишга тўғри келди. Бу одамлар Муҳолифатнинг эълон қилинган намойишини тўхтатиш учун шай турардилар. Лекин бу намойиш ўтмади. Битта намойишчи мен эдим. Ёлғиз намойишчи. Уни тўхтатиш учун шунчалик миршабнинг кераги йўқ эди. |
|
|
|
|
| Сиёсатдаги принциплари | |
* * * * * "..Оллоҳга шукр-ким, ҳокимият эгалари олдида лаганбардорлик қилишга маҳкум этмади. Бу шараф, бу озодлик учун фақат Унинг ўзигагина қарздорман. Сиёсат мен учун - халқ бахту саодати йўлида қилинган ҳар бир савоб иш каби - мўьтабардир. Бу иш ҳам инсон фаолиятининг бутун шакллари каби, ҳар нарсадан аввал юксак маьнавият ва ахлоқ билан йўғрилган бўлиши керак. Ўз фарзандларимдан ташқари, ҳеч кимни тўғриликка ва ахлоқли бўлишга чақирмадим. Аммо ҳеч қачон бу хусусдаги ўз қарашимни яширмадим: Ёлғон - яшаш усулларидан биридир. Макр - яшамоқнинг яна бир йўли. Ҳийла ҳам шунaқа. Демак, тўғри сўзни айтиш ҳам Яшаш усулларига кирар шубҳасиз. 1980 ("Валфажр",1983, Ғафур Ғулом, Тошкент) |
|
| ©2004 | Биринчи саҳифага Ижоди Президентликка номзод Демократ ва сиёсий арбоб "Эрк" партияси раҳбари |