Президентликка номзод
Биринчи саҳифага Ижоди Демократ ва сиёсий арбоб Парламент депутати "Эрк" партияси раҳбари


Президентликка илк сайловлар

"Ўзбекистон Мустақил бўлгандан кейин ўзининг мустақил Президентини сайлаши керак эди. Октябр исёнидан кейин эҳтиёткорликни оширган Каримов сайловдан олдин Олий Кенгашдаги мухолифларни бартараф қилмаса-да, бетараф қилишга киришди. Октябрда минбарга чиқиб, ўзига ташланган биттасини аввал маслаҳатчи қилиб ёнига олди, кейин ТВга бошлиқ қилиб қўйди, бошқасига каттароқ лавозим берди ва хокозо йўллар билан "мирсаидовчи" гуруҳни тинчитди. Ноябрда Олий Кенгашнинг Фавқулодда сессияси чақирилиб, декабр ойига Президентлик сайловлари белгиланди. Бизнинг гуруҳ сайловларни 1992 йилда ўтказилишини талаб қилди. Лекин Каримовнинг тазйиқи остида Кенгаш сайловларни 1991 йилнинг 29-декабрига тайинлади. "Эрк" партияси сайловда қатнашиш қарорини аввалдан олганди. Фақат биз сайловларни 1992 йилга кўчиришга умид қилгандик, бўлмади. Мен Олий Кенгашда "Эрк" партиясининг сайловларда қатнашиш қарорини эьлон қилдим. Бу эьлон хукуматга совуқ сув сепгандек таьсир қилди. Ўша куниёқ уйга одам юборишди. Хозирча партияни мустахкамлаб олиш кераклиги, бу қийин даврда хукуматга келиш обруни тушириши муқаррар эканлиги хақида "фойдали маслаҳатлар" берилди. Бу одамнинг айтган гаплари, асосан, тўғри эди, аммо бу тўғри гапдан кўзланган ният -"Эрк" ташкилотини Каримовнинг қаршисига чиқармаслик эди. Мен бу одамга раҳмат айтдим, ташкилот сайловда қатнашиш қарорини олган, у билан маслаҳатлашай, балки қарорини ўзгартирар, дедим. Одам қўвониб чиқиб кетди. Эртасига саройдан, адабиётчилардан чиққан бир маслақатчи қўнғироқ қилиб: - Тўғри қарор қабул қилибсизлар, - деди. - Нима қарор, сайловда қатнашишми? - деб сўрадим. - Йуқ, қатнашмаслик қарори, - деди маслаҳатчи, - кўрасиз, бунинг фойдаси кўп бўлади хали..! - Номзодни рўйхатдан ўтказайлик, қайтиб олиш ҳақида гапириш хали эрта, - дедим маслаҳатчига. - Сизни тушундим, - деди, севинч билан бечора. Аммо у мени тушунмаганди. У менинг "қайтиб олиш ҳақида гапириш эрта" деганимни қайтиб олади, деб ўйлаганди. Агар бу тасодифий сўз тузилиши булмасайди, балки, менинг номзодим ҳеч қачон рўйҳатга олинмасди. Албатта, "Эрк" партияси машҳур, расмий ташкилот эди, у сайловда қатнашиши учун тарафдорлар имзоси хам талаб қилинмасди, партия пленумида сайловга номзод кўрсатилса, бас, сайлов комиссияси бу номзодни регистрация қилишга, қонун бўйича мажбур эди. Аммо Ўзбекистонда қонун Президентнинг чўнтагида бўлгани учун, у истаган нарса қонуний, истамагани ноқонуний, деб топилаверарди. Демак, "Эрк"нинг сайловларда қатнашувини Президентга боғлиқ бўлган қонун билан эмас, ўз иродамизга боғлиқ тадбир билан кафолатлаб қўйишимиз керак эди. Ва биз буни кафолатладик. Энди Каримов то сайлов кунига қадар "Эрк" ўз номзодини эртага қайтариб олади, деб умид қилаверсин, дедик. Албатта, "Эрк"чиларнинг энг хаёлпарасти ҳам сайловда ғалаба қиламиз, деган орзўдан йироқ эди. Биринчидан, тарғибот учун ташкилотнинг пул-маблағи йуқди. Давлат ҳар бир номзодга ажратадиган маблағни бир баҳона топиб "Эрк"ка бермаслиги мумкин эди. Айнан шундай бўлди ҳам. Иккинчидан, овоз бериш қутиларини назорат қилишга "Эрк"чиларни йўлатмасликлари мумкин эди. Айнан шундай бўлди. Учинчидан, сайлов натижалари соҳталаштирилиши мумкин эди, бу ҳам худди шундай бўлди. Лекин биз сайловда қатнашишга қарорли эдик. Бутун бу бизнинг фойдамизга бўлмаган нарсалар ичида битта фойда бор эди. Сайлов бизга халқ билан юзма-юз учрашиш, унинг дардини тинглаб, бу асосда "чоралар программаси" тайёрлаш, айни пайтда партия ғояларини таргиб этиб, унинг ижтимоий базасини кенгайтириш имконини яратарди. Сайлов кампанияси бошланган бўлса-да, мен ўн кун давомида Тошкентдан чиқолмадим. Сайлов комиссияси менга ишончли вакил бўлган одамларни тасдиқламай, ўзининг илк тазйиқларини бошлаганди ва 10 куним шунака бюрократик тўсиқлар билан "курашга" кетди. Нихоят, кўрдим-ки, буларни енгиш қийин, ишончли вакиллардан воз кечиб, Самарқандга кетдим. Каримовнинг ватанидан бошладим "юриш"ни. Вилоят театри залида сайловчилар билан учрашдим. Одамларнинг кайфияти яхши эди. Сўзлаган нутқим яхши акс-садо берди. Савол-жавоблар самимий бўлди. Мажлисни бошқараётган Самарқанд вилоят раҳбари хам ўзини вазмин тутди. Президентдан қўрқиб, мажлис руҳини ўзгартиришга ҳаракат қилмади. Бу ҳолат эсимда қолди, чунки, кейин ўтказилган барча учрашувларда вилоят раҳбарлари худди игна устида ўтиргандай ўтирдилар. Одамлар менинг деганларимга қарсак чаларкан, раҳбар шўрликлар қўлларини каергадир яшириб, Президентга ўз садоқатини изҳор қилишга мажбур бўлгандилар. Учрашувларнинг бирортаси - қисқа ҳабарлар мустасно - на радио, на-да телевидениеда берилди. Зотан, учрашувлар хам вилоят марказларида бўлди, ярим-юмалоқ қилиб ўтказилди. Сал чеккароқда ташкил қилинганлари хокимият тарафидан зўрлаб тарқатиб юборилди. Баьзи учрашув залларининг поли бўялиб, сайловчилар ичкарига қуйилмади ёки электрни ўчириб қуйдилар, сув бостирдилар, ремонт қилдилар Ёки сайловчиларга Муҳаммад Солиҳ фалон жойда учрашув ўтказади, деб тўртта адрес беришди, бу тўртта адресга одамлар бориб, президентликка номзод қелмагандан кейин, бизни қарғаб-қарғаб тарқалдилар. Ишқилиб, қизиқ ҳангомалар бўлди бу сайловда. Сайлов кампаниясининг ўрталарида Саройдан Шахобиддин Зиёмов келди. У билан сухбатлашдик. Нияти маьлум бўлди. Номзодимни қайтариб олиш учун илхомлантирмоқчи, аммо очиқ таклиф қилишдан чучийди. 12-декабрда президент бошчилигида 10 кишилик давлат аркони Туркияга кетаётибди, юкори савияда қабул бўлади, Ислом ака (Каримов) Сизни шу ҳайьатга ўн биринчи бўлиб кушилишингизни истаяпти. Учокда сайлов масаласида келишиб оласизлар, деди. Мен ўйлаб кураман, дедим. Аммо Сарой шу қадар шошилган эди-ки, дипломатик паспортимга Москвадан виза қуйдириб, уйга ташлаб кетишибди. 11-декабр куни Зиёмов телефон қилиб, "Эртага кетаяпсиз, унутманг яна," деб кўлди. Мен "эртага кетмайман, чунки, ишим кўп экан," дедим. "Нима ишингиз бўлса, Оқсоқолга айтасиз, илтимос, бизни уялтирманг", деди Зиёмов. Мен қатьий бормаслигимни айтиб, уни уялтирадиган бўлдим. Бошқа чора йуқ эди. Буёғига Саройни умидлантиришда давом этиш мумкин эмасди. Очиқ кураш, тенгсиз, аммо машҳур курашнинг пайти келганди. Энди Президент менинг номзодимни хеч бир баҳона билан руйҳатдан учира олмасди. Чунки, ўзи телевизорга чиқиб, алтернатив номзоднинг борлигини тан олган, уни "менинг рақибим," дейиш ёнига "менинг душманим" деб, ҳаммани лол қолдирганди. Ортик "Эрк" партиясининг ҳеч бир имконият ва тайёргарликсиз давлатнинг бутун моддий имкониятлари ва ташкилотларига хоким бўлган коммунистлар партиясига қарши майдон ўқиганини бутун дунё эшитганди. Бу ишни тўхтатиб бўлмасди. Қирк кунлик сайлов кампаниясида менга бир марта телевидениеда чиқишга имкон бердилар.
Ўн беш дакика гапирдим. Унинг уч дақиқасини Президентга ҳақорат қилинган деб, қайчилашди. Лекин менинг кайфим чоғ эди. Коммунистик партиянинг ичи бўш, иродасиз бир маҳлуқ эканини кўргандим. Озгина имкон, озгина тайёргарлик ва озгина ғайрат билан бу маҳлуқнинг оёғини осмондан келтириш мумкинлигини кўргандим. Сайловдан олдин биринчи сабок шу бўлди. Иккинчи сабок - биз ўз кучимизнинг нимада кодир эканлигини ўргангандик. Бизнинг кучимиз тўғриликда, халолликда ва биз ташиган ғояларнинг самимиятида эди. Бизнинг кучимиз аньанавий сиёсатни рад этиб, халқнинг дардлари билан чинакамига ўртоқлашганимизда эди. Бир сўз билан айтганда, бизнинг Кучимиз коммунистларга ўхшамаганимизда эди. Сайловда 12.7 фойиз овоз олдим, бундан на хурсанд, на хафа бўлдим. Натижалар соҳталаштирилганининг исботи сифатида йигитлар бир неча халта сохта бюллетенни халққа намойиш қилмоқчи эдилар, тўхтатдик. Чунки, сайловдан кейинги боскич ташкилот учун жуда муҳим эди. Сайлов халққа бизга нисбатан фавқулодда кучли таважжух уйғотди, бу юксак тўлқинни қочирмаслигимиз шарт эди. Унинг устига миниб, денгиз томон очилишимиз зарур эди. Майда нарсаларга чалгимаслик керак эди. хукуматнинг қўшимча газаби бизга қўшимча юк бўларди, холос. Ҳисобли харакат қилишга мажбур эдик. Шу мулоҳаза билан сайловнинг соҳталаштирилгани ҳақида кўп ҳам шовқин қилмадик. Сайловдан кейин сайловни кузатган сенатор Де Консини бошчилигидаги хайьат партия марказий биносига келиб, биз билан фикр алмашди. Уларнинг гап-сўзидан неокоммунистик Ўзбекистон учун шундай "сайлов" ҳам ёмон нарса эмас, кабилидаги караш сезилиб турарди.
Умуман, 1991 сайловларига барча Ғарб ўлкалари биз кутгандек талабчанлик билан ёндошмади. Энди мустақилликка эришган ўлка, дарров демократия талаб қилавермайлик, бир неча йилдан кейин, секин-аста демократлашар, деган умид билан шундай қилинди. Аммо бир неча йил ўтиб, аҳволнинг бешбаттар бўлишини, хокимиятини мустаҳкамлаган коммунист лидернинг аввал зоҳир бўлмаган атавистик майллари юз кўрсатиб, ўлка аҳолисини сталинча қатагонга дучор қилажагини ҳеч ким билмасди..."

 

Парда оркасида

* * * * *
"Сайлов деб аталган бу томошадан менинг эсимда қолган бир ёрқин манзара - бу менинг Фаргона водийсидаги ишончли вакилим, Шоир ва хофиз Дадахон Хасаннинг қайсидир қишлокда, бир уйнинг деворига суяниб турган сурати. Бу уйнинг олдида, қишда, декабр ойида, биз ўзимизнинг юпун кийинган, камбагал, бечора сайловчиларимиз билан учрашаётгандик. Дадахон Хасан деворга суяниб тураркан, унга сўз беришганда, дарров жонланиб, хозиргина юзини коплаб турган тундлик гойиб бўлар, кўзлари чақнаб, овози янграб, кимга овоз бериш кераклиги хакида куйлай бошларди. Сўзини тугатганда эса, юзига яна тундлик ёйилар, худди хозирги оташин нутқни у гапирмагандай, нигохини узокка эмас, уз ички дунёсига қадаб, деворга суянганча қотиб қолаверарди. Бу иррационал манзара 1991 йил сайлов кампаниясидан кўнгилни ёритадиган ягона хотира бўлиб қолди"

(Муҳаммад Солиҳ, "Йўлнома",2000, Эрк нашриёти, 253-259 бетлар)

 

 
 

 

©2004 Биринчи саҳифага Ижоди Демократ ва сиёсий арбоб Парламент депутати"Эрк" партияси раҳбари