| "Бирлик" Программасининг матбуотда босилиш эҳтимоли турли хил кучларни турли йўналишларда ҳаракатга келтирди. Чунки, бундай бир ҳужжатнинг жумҳуриятда эълон қилиниши Коммунистик Партия каби ягона, гегемон қувват қаршисига бир алтернатив, майли, заиф бўлсин, аммо бир муқобил қувват чиқди, деган гап эди. Янада муҳими, Программанинг газетада чоп қилиниши бу янги қувватнинг жумҳурият жамоатчилиги тарафидан тан олинганини кўрсатган бўларди. Бундан қаттиқ безовта бўлган КГБ ўз айғоқчиларини ишга солиб, "Бирлик" ичида иғвонинг илк уруғларини соча бошлади. Программани бостириш учун матндаги жузий нарсалардан воз кечишга ундаган гуруҳ дарров ҳукумат билан "келишганлик"да айбланди. У пайтларда шундай бир иқлим мавжуд эди-ки, бировни кўрсатиб "шу одам ҳукумат билан келишди" дейилса, бас, ким бўлса бўлсин, у дарров миллий даъвонинг душманига айланарди. Август ойининг ўртаси эди, янглишмасам. Пргорамма муноқашаси давом этаётганди. Яширмайман, бу сафсатабозликдан асабийлашгандим. "Бирлик"даги дўстлардан, мени бу ғавғога аралаштирманглар, ўзларингиз бир қарорга келинглар, дея илтимос қилгандим. Барибир, аралаштиришди. "Бирлик" раҳбариятидан Зоҳир Аълам келиб, ташкилот раҳбарини вақтинча алмаштириб туриш керак, Программа босилиб, ҳаракат оёққа тургандан кейин яна ўз вазифасини давом эттиради, акс ҳолда, Программа ҳам босилмайди, ташкилот ҳам тарқалиб кетиши хавфи бор, кўпчилик олимлар ҳаракатни тарк этаяпти бу одам (Пўлатов) сабабли, вақтинча "Бирлик"ка Эркин Воҳидов раҳбарлик қилсин, деган фикрни айтишди.
Уларнинг фикри менга мантиқли кўринди. Пўлатов ватанпарвар зиёлиларимиздан, умум иш зиён кўрмаслиги учун раҳбарликдан бир муддат воз кечиб туришига ҳеч шубҳам йўқ эди. Пўлатов билан гаплашдим. Агар сизлар шунга қарор қилган бўлсанглар, майли, деди. Ҳеч эътироз билдирмади. Мен бошланаётган ғавғонинг бундай осон бартараф қилинганидан жуда севиндим. Аммо эртароқ севинган эканман. Пўлатов менинг кабинетимдан тушиб кетганидан ярим соат ўтар-ўтмас, шоира Гулчеҳра Нуруллаева кириб келди. Самимий, сертуйғу инсон Гулчеҳра Нуруллаева мени кинояли сўзлар воситасида ҳукумат билан келишиб, Пўлатовни "Бирлик"дан узоқлаштиришга урунаётганликда айблади. Бу мени ҳайратлантирди. Гулчеҳра Нуруллаева менинг ҳукумат билан, наинки, қайта қуриш даврида, энг оғир замонларда ҳам келишмаганимни биларди.
Гулчеҳра Нуруллаевадан кейин шоир Жамол Камол отилиб кирди. У ҳам мени муросасозликда айблади. Унинг бу воқеадан икки йил ўтар-ўтмас режим маддоҳига айланишини у пайт тасаввур қилмагандим.
Кейин шоир Шукрулло ташриф буюрди. У ҳам сертуйғу одам, кўзларида ёш, Каримов каби одамлар билан муроса қилиш яхши эмаслигини айтди. Ўшанда бу шоирнинг бир неча йил сўнгра Каримов қўлидан "Қаҳрамон" ордени олиши мумкинлигини ўйламагандим.
Мен бу дўстларга ўзимни оқлаб ўтирмадим. Агар мен хиёнат қилган бўлсам, демак "Бирлик" деган ташкилот тугабди, дея ғижиндим.
Пўлатовнинг кимлигини биринчи марта кўраётгандим. Бу шахс самимий одам эмасди, икки юзли эди. Энг қўрқинчлиси, ёлғончи эди. Ўша куни уйга изтироб ичида қайтдим.
Изтироб ҳали ҳам ўлмаган кибрдан келаётган эди. Ўлиш қаёқда, сўнгги йилларнинг жўшқинлиги билан янада кучайган кибрдан.
Биз саксон бешнинг январида йиқилаётган масжидлар ва хўрланаётган она тилимиз ҳимояси учун эшикма-эшик юриб, имзо тиланаётган пайтда мени хиёнатда айблаган бу одамлар қаерда эди, дерди кибрим.
Имзо қўймаслик учун, қўрқоқларча турли баҳоналар ўйлаб чиқармаганмидилар, дерди яна нафсим.
Мен, албатта, туҳматга қолгандим. Аммо сиёсатга кирган одамнинг туҳматга доим тайёр туриши кераклигини у пайтда билмасдим. Сен ўз ватанингни севасан, наҳотки буни одамлар кўрмаяпти, дердим ўз ўзимга.
Наҳотки, сенинг йиллар давомида ардоқлаганинг ҳуррият ғояси бир кунда ўз дини ва худосини ўзгартирган коммунист шаллақиларнинг ҳаёсиз сафсатасига айланса? Бир неча йил аввал энг яқин дўстларинггагина айта олган қимматли фикрларингни бу коммунист зурёди бугун очиқ, баралла ҳаммага айтаяпти-ку, сенинг ундан нима фарқинг бор, сенинг ҳурриятпарварлигинг, ватанпарварлигинг ўша коммунистникидан нимаси билан фарқ қилади?..
Бу мен учун яхши ҳолат эмасди. Бу ҳолатда ўзимни жуда ҳузурсиз сезардим. Бу ҳолатда ўзимга бўлган ишонч мўртлашиб, руҳий дармонсизлик ҳис этардим. Аммо бу хатонинг ўша қизғанчлик ва кибрдан келаётганини у пайтлар мушоҳада этмасдим. Буни кейинроқ англай бошладим. Бу билим туҳмат, иғво, ғийбат ва ифтиро тўрт тарафдан устимга ёғила бошлаган сургунлик йилларимда пайдо бўлди. Бу билим худди лазер нури каби узоқ йиллар яллиғланиб, битавермаган изтироб ярасини бир онда куйдириб битирди. Ва қалбга ҳузур инди, фароғат инди.
Аммо саксон тўққизнинг ёзида бу ҳузур, у фароғат тушимга ҳам кирмасди. Мен ишнинг осон томонини ўйлай бошлагандим. Ишнинг осон томони бу сассиқ сиёсатдан тезроқ узоқлашиб, шеъриятнинг сокин гўшасига чекинмак эди. Қўполроқ айтганда, бу бир қочиш орзуси эди. Бундай орзу мен учун янги эмас эди. Саксон биринчи йилда шундай орзу қилган эканман:
Аёлу эркак куй измида,
ҳаммаси тушмоқда зикр,
Мени-чи кузатар зимдан
"Қочиш керак" деган фикр.
Расадхонага ўхшар айвон,
Чиқаман, юлдузлар ўткир.
Бошимда айланар ҳамон
"Қочиш керак" деган фикр.
Уйқу дори бўлса, косани
Бўшатаман, сўнар тафаккур,
Ёнимда тўлғонар нозанин,
Бошимда яна ўша фикр!
На қилай, бир фикр кечди,
Бир фикр "ялт" этди, на ҳайрат,
Менинг имконимдай кичик,
Қочишнинг ўзидай баҳайбат!
1981 ("Олис табассум сояси," 1986)
Аммо шеърдаги орзу турғунлик ҳавосидан зерикиб, ҳуррият диёрига саёҳат қилиш орзуси эди. Бугунги орзу эса, ҳуррият келиб, унинг ҳимояси учунмужодала бошланаркан, пайдо бўлган машаққатлардан қочиш орзуси эди. Бу ҳақиқатни менинг нафсониятим қабул қилишни истамасди.
Адабиёт узоқ йиллар давомида кўпчилик қатори мен учун ҳам ҳерметик бир қўрғон вазифасини ўтаганди. Адабиёт Совет тузумидаги энг "чекланган масъулиятли ширкат" эди. Ва унинг раҳбари ҳам, ишчиси ҳам ўзим эдим. Сиёсат бу шинам системани парча-парча қилиб, мени янги ҳаёт бошлашга мажбурлаётганди. Саксон тўққизнинг ёзида бу шинам система деярли парчаланиб бўлган бўлса-да, мен уни таъмирлаш мумкин, деган хомхаёл билан яшаётгандим. Шу боис, "Бирлик"да чиққан жанжал мени бир тарафдан қийнаса, иккинчи тарафдан шинамлик қўмсаган нафс учун айни муддао бўлганди. Сен қўлингдан келганини қилдинг, у ёғини бошқалар қилсин, дерди у. Ташкилот тузилди, халқ келаяпти, бориб шеърингни ёз. Эрталабдан кечгача жағингни чарчатиб, коммунистлар билан тенг бўлиб ўтирма, абадият учун ишла, ўлганингдан сўнг одамлар ўқийдиган беш-олти шеър ёз, дерди ақлли нафсим.
Мен "Бирлик"дан чиқишга қарор қилдим ва буни дўстларга билдирдим. Улар буни ижобий қабул қилишмади.
Ташкилотнинг ўзаги саналмиш ёзувчилар Пўлатовнинг провакатив ҳаракатидан қаттиқ ғазаблангандилар, уни ташкилотдан узоқлаштириш керак, деган фикр уларда кун сайин собитлашиб борарди. Пўлатовнинг "Бирлик"ни миллатчилар эгаллаб олаяпти, деган янги иғвоси жараённи янада тузлаштирди. У пайтда "булар миллатчи бўлса, миллатчиларнинг душмани Каримов билан қандай тил бириктирдилар," деган савол ҳеч кимнинг хаёлига келмади. Сентябр ойида "Бирлик"нинг Марказий Кенгаши чақирилди. Мен мажлис бошланишида қатнашиб, Пўлатовни ташкилотдан узоқлаштириш керак бўлса, бу беш дақиқалик иш, буни катта воқеага айлантирманглар, деган мазмунда гапирдим. Биттаси чиқиб, Пўлатовнинг нега зарарли эканини исбот қилишга мўлжалланган нутқни ўқиб берди. Нутқ шу қадар савиясиз ёзилганди-ки, буни тинглаган Кенгаш кўзида Пўлатов фасодчи эмас, балки, адолатсизликка учраган шўрлик бўлиб кўринди.
"Бирлик" ҳаракатининг Самарқанд вилояти бўлими раиси Алибой Йўляхшиев ўзининг "Бирлик" ҳақида мен билган ҳақиқатлар" деган китобида шундай деб хотирлайди: "МК йиғилишини истаган биродарлар мажлисга А. Пўлатов ҳақида бир хат тайёрлаган эканлар. Энг аввал у хат мажлисга ўқиб эшиттирилди. Хатни Тошкент Политехника институти доценти Каримов (унинг исми ёдимда йўқ) ўқиб берди. Аммо хат зарар келтирди. Оқибат шу бўлди-ки, А. Пўлатовнинг ҳақиқий салбий хусусиятлари эътибордан четда қолиб кетди. Мажлис ахли "жабрдийда"ни ҳимоя қилишга ўтиб кетди".
Бундан илҳомланган Пўлатов битта рус ишчисини минбарга чиқариб, унинг тили билан "Бирлик"ни миллатчилар эгаллаб олаяпти, деб коммунистчасига огоҳлантирди.
Бу одамнинг "Бирлик"дан узоқлаштириш"га ўша пайтда қарши бўлган Йўляхшиев йиллар ўтиб, шундай хулосага келди:
"Қурултойдан кейин ҳам ҳаракатда бошланган бўлиниш хасталиги сусаймади. ҳукумат эса, бундан усталик билан фойдаланди. У замондаги тушунча ва хулосаларга биноан, биз, самарқандликлар ҳам кўпроқ М. Солиҳ тарафдорларини қораладик. Шу билан бир қаторда биз А. Пўлатов ва унинг Тошкент гуруҳини яхши тушунмасдан, кўпроқ уларнинг сўзларига қараб иш тутдик. Биз советкишилари "уч юзли" (сўзда, амалда, кўнгилда) эканлигимиз у юзларнинг қайси бири қаерда кўринишини "Бирлик" шафағида яхши ажрата олмасдик.... Сўнгги тарих, айниқса муҳожирлик даври жуда яхши исбот этди-ки, А. Пўлатов ва унинг атрофида ўралашиб юрган бир гуруҳ сиёсатдон миллий шуур ва миллий қадриятдан узоқ, фақат шахсий манфаат учун алғов-далғовлардан фойдаланиб, моддий аҳволни ўнглаб олишни кўзда тутган пасткаш кишилар экан. Улар "Бирлик"ни сиёсий камолатга етказиш учун эмас, балки, унинг ичида ихтилоф вазияти пайдо қилиб, ўзини "Бирлик" ҳимоячилари қилиб кўрсатишга уста эканлигини кеч тушундик. Аммо бундан 10 йил бурун А. Пўлатовар ҳаракат ичида ўзларини жабрдийда қилиб кўрсатишнинг уддасидан чиқабилишди."
...Саксон тўққизнинг охири ва тўқсонинчи йилларнинг бошига келиб, Совет Иттифоқидаги сиёсий вазият янги фазага кирганди. Биз буни ўша пайтда идрок этмагандик, албатта.
Бир шахс, бир гуруҳ ёки бир халқ муайян нуқтада кутилмаган бир ҳаракат қиларкан, бу илк қарашда мантиқсиз ва ғайри-ихтиёрий кўринса-да, кейинроқ унинг ҳайратланарли даражада мантиқли ва прагматик экани маълум бўлади. Саксон саккизинчи йилда Совет Иттифоқи жумҳуриятларида "Народный фронт", "Халқ жабҳаси", "Халқ ҳаракати" номлари остида тузилган барча миллий ташкилотлар 90-йил бошларида ўз структураларини ўзгартиришга мажбур бўлдилар. Юзага келган янги сиёсий вазиятда бу стихияли дунёга келган мўрт ташкилотлар ўзининг лаёқотсизлигини кўрсата бошлаганди. Мобил, интизомли, аниқ мақсадга йўналтирилган, қатъий иерархияли ташкилот давр талабига айланганди. Шунинг учун ҳам Болтиқбўйида, Русияда, Кавказда "Народный фронтлар" парчаланиб, сиёсий партияларга айлана бошлаганди. Бу нормал сиёсий жараён эди. Лекин биз каби узун йиллар мустамлакада қолиб, ҳуррият парчаси тушган мазлум халқлардан "нормал сиёсий жараён"ни дарров англашни талаб қилиш мумкин эмасди. "Бирлик" ҳаракати етмиш йил мустамлакадан сўнг халқнинг ўзи таъсис этган илк сиёсий ташкилот эди. Жунбушга келган халқ учун бу ташкилотни месимаслик, унинг ўзини месимаслик деган гап эди. Бу ташкилот сафига қўшилиш шараф, ундан чиқиш эса, хиёнат саналадиган бўлиб қолганди. Шундай бўлиб қолганини 89-нинг охирида мен билмасдим. Мен ҳали ҳам индивидуал ҳурриятнинг измида эдим. ҳали ҳам истаган жойимга бориб, истамаган жойимга бормайман ва боришга мени ҳеч ким, ҳеч нарса мажбур қилолмайди, деб ўйлардим.
ҳали умумнинг ҳурриятини яхши танимасдим. Бу ҳуррият ўзига хос, деспотик бир ҳуррият эди. Мен буни "Бирлик"дан чиққанимни эълон қилганда ҳис этдим.
Финляндия сафаридан қайтиб, "Бирлик"дан чиққанимни эълон қилдим. ..
|
* * * * *
Янги йилда орзу қилганимдек, "шеърият диёри"да гизлана олмадим. Орзу қилмаганимдек, яна ўша сиёсат остонадан кетмай турарди.
Ёзувчилар Уюшмасига келаётган халқ миқдори ўша-ўша, омманинг фаоллиги ҳали ҳам юксакди. Бир илмий институт ходимлари билан учрашувда сиёсий мустақиллик ҳақида гапиргандим. Мавзу мен кутган даражада таважжуҳ кўрмади. Аммо икки-уч кун ўтмай, бу фикр ўз доирасини кенгайтиргани маълум бўлди. Олимлардан бир-иккитаси келиб, бирга бу фикрни муноқаша қилишга урундик. Сиёсий мустақиллик ғояси ёзувчилар орасида доим тортишилган ғоя эди, аммо халқ олдида чиқиб гапирилмаган эди. "Бирлик"ни тузаётиб ҳам, бу ғояни ҳаракат дастурига киритишни ўйламагандик. Чунки, киритишнинг ҳеч имкони йўқди, тўғрироғи, вақти келмаганди.
Тўқсонинчи йилнинг январ ойида бир неча киши Ёзувчилар Уюшмасида ўтириб, бунинг вақти келганини бир-биримизга айтдик. Мустақиллик ғоясини сиёсий платформага қўйиб, халқ олдига чиқаришнинг вақти келганди.
Балки бу ғоя Совет мустамлакасида нисбатан оз яшаган Болтиқ жумҳуриятлари учун радикал ғоя эмасди, аммо 135 йил рус истибдоди остида эзилган ўзбеклар учун мустақиллик ғояси 1980-йиллар охирида радикал саналарди.
Шу ғоя билан чиқадиган бир сиёсий партия тузиш қарорига келдик. Бу қарорга келганлар яна уч-тўртта киши эди. Худди "Бирлик"ни тузган пайтдагидай уч-тўртта хаёлпараст янги можоро остонасида парвойи-фалак турардик. Менга янги бир ҳаяжон ҳужум қилганди. ҳаётим бўйи тасвир этганим муболаға, лоф, оврупоча айтганда "гипербола" ҳозир амалий бир ҳужжатга айланиши арафасида турарди.
Бор йўғи тўрт йил аввал, саксон олтинчи йилда бу ғоя бир ташбеҳ эди, холос:
ТИЛЧИНИНГ ДЕГАНИ
"Эрк" сўзи
Отаси эмасмикан "эркак" сўзининг?
Шундай бўлиши мумкин
Фақат ўтган замонларда.
"Эрк" сўзида балки,
Умуман маъно йўқдир,
"Эрк" сўзи шунчаки
Ўлаётган аскарнинг бўғзидан чиққан
"ҳиқ"қиллашидир?
Шундай бўлиши мумкин,
Фақат афғон томонларда.
Биз учун эса,
Эринчоқ одам тўқиган сўздай туюлар у,
шунчалар қисқа:
Эрк.
1986 ("Орзу фуқароси", 1990)
Биз эринчоқ ўзбеклар, ниҳоят, бу сўзни ошкора талаффуз қилишга журъат қилгандик. Янги ташкилотни "Эрк" деб атайдиган бўлдик. Бу ном фақат шеърларда зикр қилинган ғоя эмас, балки, 20 аср бошида Русия ва Туркистон жадидлари тузган сиёсий ташкилотнинг ҳам исми эди. Худди "Бирлик" каби "Эрк" ҳам маълум маънода жадидлар ҳаракатини давом эттиришга бўлган ружу натижаси эди.
Фақат баъзи оғайниларимиз "Эрк"нинг бирданига сиёсий партия деб эълон қилинишига этироз билдиришди. "ҳаракат" бўлсин, кейинроқ "партия" деб атаймиз деган фикр ўртага ташланди.Бу коммунистик партиянинг ўзига рақиб чиқишига таҳаммул қила олмаслиги билан изоҳланди. Фикр мантиқли кўринди ва апрел ойигача "Эрк" халққа ҳаракат деб танитилди.
"Эрк"нинг тузилиш жараёни оғриқли кечди. "Бирлик"даги дўстлар буни бирданига қабул қила олмади. Пўлатов ва унинг бир-иккита яқини мени "Бирлик"ни парчалаганликда айблаб, ташвиқот машинасини ишга солиб юборишганди.
Энг содиқ бўлганлар, мени узоқ йиллар таниган оғайниларимиз ҳам шубҳа домига тушгандилар. Улар мендан шубҳаланишарди. Бу мени ғазаблантирарди. Худди мендан шубҳа қилиш мумкин эмасдай ғазабланардим. Соддалик шу қадар эди.
"Эрк"нинг тузилиш жараёни фақат бизни эмас, ҳукумат шовозни ҳам ҳаяжонлантирганди. ҳукумат, Худо ёрлақиб, бизни қўллайдиган бир ташкилот қурилса, дея қўлларини ишқаб, енгларини шимариб турарди. "Эрк"нинг тузилиш босқичида, ҳатто кейин ҳам, то апрел ойигача, ташкилотнинг таъсис Қурултойига қадар ҳукумат ўз умидидан воз кечмаганди. ҳукуматда бу умидни туғдирган нарса "Эрк" дастури лойиҳасида унинг конструктив мухолифат бўлажаги ҳақидаги баёнот эди.
Шу умид билан, 1990 йил феврал ойида ўтган Олий Кенгашга сайловларда менинг номзодим кўрсатилар экан, ҳукумат қаршилик қилмади. Аксинча, Компартиянинг Тошкент шаҳар секретари Адҳам Фозилбеков менга "номзодингизни Талабалар шаҳарчасидан эмас, Профессорлар шаҳарчасидан кўрсатинг, ғала-ғовур камроқ бўлади, биз ҳам қаршилик қилмаймиз," деб ваъда берди. Ва, ҳақиқатан ҳам қаршилик қилишмади. Бу Компартиянинг менга кўрсатган биринчи ва сўнгги толеранси эди. |