Муҳаммад Солиҳнинг талабалиги

...Одамлар "мен дунёга нима учун келдим?", деб ўзларидан сўрашга қўрқадилар. Мен ҳам кўрқардим. Етмишинчи йил бошларида фаранг олими Блез Паскалнинг китобидаги бир фикр диққатимни тортди. Тахминан маьноси шундай эди: "Инсон ўзининг бир пайтлар нақадар юксакликдан йиқилганини англаши учун бу дунёда яшайди".
Бу диний фикр мендаги дунёвий қўрқувни деярли йўқ қилди. Дунёвий қўрқув - жоҳиллик мевасидир. Мен етмишинчи йилларнинг интеллектуал жоҳилият талабаларидан бири эдим ва Паскалнинг фикри менга кашфиёт бўлиб кўринган эди.
Албатта, Қурьони Карим борлигини билардим. Аммо унда нафақат инсоният тарихи ва келажаги, балки, ҳар бир "қуриган япроқнинг тарихи" ҳам ёзилганини билмасдим. Агар билганда эди, ақлимга сиғдира олмасдим, чунки бу ҳодиса инсон ақлига сиғмайди.
Бу Китоб пойига етиб келгунча юзлаб ширқ тўла китоб босиб ўтишга тўгри келди... .


Талабаликнинг илк йилларида Франс Кафканинг ҳикояларини таржима қилишга уриниб кўрдим. Кафка ҳеч бир ёзувчига ўхшамас эди. Унинг "ижодий методи" нафақат сотсиалистик реализмни, балки "капиталистик реализм"ни хам инкор қиларди. Кафка "минорани юқорига эмас, пастга қаратиб кўриш керак", дерди. У ҳолда, бу иншоот минора эмас, қудуқ бўлган бўларди. Гуё инсон ташқи (моддий) дунёга эмас, ўзининг ич дунёсига даьват қилинарди. Кафка қахрамонларининг пешонасида доим бир нарса ёзилган бўларди ва ҳеч ким бу ёзув маьносидан четга чиқолмади.
Кафканинг ҳикоялари қўрқинчли эди, аммо биз севган шу хаётдан қўрқинчлироқ эмасди. Биргина фарқ - ҳикоя қахрамонлари ўзларини доим гуноҳкор хис этар, аммо гуноҳи сабабини англамасдилар. Бизга эса, бу туйғу, гуноҳ туйғуси нотаниш эди.
Балки, Кафка Оллоҳга ишонишни истаган бир атеист ва бу истакдан умр бўйи азоб чеккан бахтсиз интеллектуал эди.
Ўша даврда мени мутаассир этган ёзувчилардан яна франсуз Пол Валери ва австриялик Роберт Музилни айтишим мумкин. Шунингдек, 1970 йилда колумбиялик ёзувчи Габриэл Маркеснинг "Иностранная литература"да босилган танҳолик ҳақидаги романи жуда қизиқтирди, аммо у Кафканинг ўрнини босолмади...
Биз, талаба экан, адабиётдан янгилик истар эдик ва уни чет эл адабиётидан топар эдик. Замонавий ўзбек адабиёти заиф бўлганидан, унинг тарбиясини етарли ола билмадик. Сал кейинроқ, шеьрларимиз босилиб, китоблар чиқа бошлаганида, бизни Ғарбга тақлидчиликда айблашди. Бу туғри эди, чунки совет адабиётида тақлид қиладиган асар йўқ эди.
Бошқа тарафдан, бизнинг ёзганларимиз ҳаммаси Ўзбекча эди ва мушохада тарзи ҳам "Ғарбча" эмасди. Масалан, менинг "модерн" машқларим кўпинча халқ ибораларига қурилган эди. Халқдаги "ойнинг ўн беши ёруғ, ўн беши коронғи" иборасидан ясалган шеьр, мана:
Ёруг бўлди ойнинг ўн беши,
Қолган ўн беши ҳам... ёруг бўлди-ку!
Мен бир камсуқум киши,
Юрагим қувончга тўлди-ку.

Эрта қувонибман, қаранг-ки,
Мукаммал экан дунёнинг иши -
Мана, ой ўн беши қоронгу,
Иккиланиб турар қолган ўн беши.

(1983)

Аммо 70-йилларда биз, шеьрда айтилганидек, "камсуқум" эмасдик. Мавжуд адабиёт бизга янгилик бермаса, бу янгиликни ўзимиз яратишга қатъий бел боғлагандик. Бу иддао амалга ошдими, йўқми, буни адабиётчилар билса керак. ққ
Биринчи саҳифага | «Ёшлик» саҳифасига | «Балоғат» саҳифасига

 §  Маълумоти

1975 йилда ТошДУнинг журналистика бўлимини битирди...
1977 йили ўзининг шов шувга сабаб булган илк шеърий китобини эълон қилди ва шу йилдаёқ СССР Ёзувчилар Уюшмасига аъзоликка қабул қилинди.
1977-79 йилларда Москвада СССР Ёзувчилар Уюшмаси қошидаги Олий Адабиёт Курсларида тахсил олди.Курсларни битиргандан сўнг, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида ишлади, 1988 йилда Уюшма котиблигига сайланди.

Муҳаммад Солиҳнинг илк шеъри 1966 йилда ёзилган бўлиб, у 90 - йилларнинг бошида 12 китобдан иборат адабий мулк соҳибига айланди.