Муҳаммад Солиҳ сургунда

1993 йил мартида Муҳаммад Солиҳ яширин тарзда Қозоғистонга йўл олди ва у ерда ўзининг «Давлат сирлари» памфлетлар китобини чоп этти.
Тошкетга қайтгач, «жойидан жилмаслик» ҳақидаги тилхатини бузганлиги учун устидан яна битта жиноий иш қўзғатилганидан хабардор бўлди...

Унинг атрофидаги исканжа ҳалқаси тобора тораймоқда эди....
"Қайта қуриш даврида мустақиллиқни шиор қилгани учун Советлар диёрининг кушандаси саналган сиёсий мухолифат энди режим тарафидан мустақиллиқ душмани, дея танитила бошлади. Муҳолифат халқ тинчлигини бузувчи, деструктив куч, хукуматининг ибораси билан айтганда, "кора куч" ўлароқ талқин қилина бошлади. Буни исбот қилиш учун мухолифатнинг конкрет жиноятлари кўрсатилиши лозим эди. Бу жиноятлар зудлик билан тўқиб-бичилди, шулардан илки "Миллий мажлис" иши эди. Бу сохта айбнома билан "Эрк" котиби Отаназар Ориф жаьми бир йил, "Эрк" аьзоси Саловат Умрзоқов бир йил, "бирликчи"лар Хазратқул Худойберди ва Олим Каримовлар бир неча ой қамоқда ўтириб чиқдилар. Бу Каримов режимининг "синов юриши" эди. хали 20 йиллик қамоқ ва ўлим жазолари олдинда эди.
1992 йил августидан то 1993 йил баҳоригача КГБ тарафидан давомли кузатув остида яшадим ва деярли ҳеч бир фаолият кўрсатолмадим. Газеталаримизни чиқишдан тухтатгандилар. Халқ билан учрашувга йўл қўйишмас, борган жойимизда провакатсиялар уюштириб, жанжал чиқаришарди.
1993 йил март ойида Бахтиёр Исобекнинг "Эрк йўлида" деган китоби босилиб чиқди. Чет элда босилган бу китобнинг бир неча юз нусҳаси Тошкентда тарқатилди. Китоб "Эрк" партиясининг қисқача таржимаи ҳолини баён қиларди. 1993 йил апрел ойининг бошида ўша китоб учун мени хибсга олишди. Аввал партия офисига "сизни Ички ишлар Вазири сўхбатга чақиряпти, мени юборди", деб бир полковник келди. Унинг машинасида бордик.
Вазир Алматов саломлашиб, мени ҳурмат килишини, аммо баьзи одамларнинг чақимчилиги туфайли хукумат мен ҳақда ёмон фикрларга бораётганини айтди. Агар вақтингиз бўлса, пастда шаҳар прокурори Жўраев ўтирибди, унинг баьзи саволларига жавоб бериб кетсангиз яхши бўларди, деди.
Пастки қаватга индим. Тахтин исмли бир миршаб хонасида шаҳар прокурори Жўраев соатларча сўроққа тутди. У ерда ўн икки соат қолиб кетдим. Сўрок охирида прокурор "Сиз мустақиллик душманисиз," деди. Мен жавоб беролмадим. Чунки қаршимда мустақилликнинг бугунги дўсти, кечаги ашаддий душмани бир одам турарди. Бу 20-аср эврилишларидан бири эди.

Жўраев сўроғидан кейин, кечаси соат бирда, мени бошқа хонага олиб ўтишди. У ерда бўйнимдаги галстукни, шимимдан камар ва оёқ кийимимдан богларни ечиб олишди. Соат ва чўнтагимдаги ашёларни ҳам олиб, чеккага қўйишди. Кейин ички ишлар Вазирлигининг бутун Советлар Иттифоқига донги кетган ертуласига тушдик... Ертулада тўрт кун қолиб кетдим. ҳар кун кечаси Жўраев келиб, ертуладаги бир хонада сўроқ қилиб кетарди. Ҳар кун юзимга қараб "қалайсиз энди," дея илжаярди. Мен хам "раҳмат, яхшиман," деб илжаярдим...
Тўртинчи кун, чет эл жамоатчилиги тазйиқи остида бўлса керак, мени ертуладан чиқаришди.
Бир милиса подполковниги машинасида уйга кузатиб қуйди. Унинг йўлда айтган гапи хеч эсимдан чиқмайди. "Солиҳ ака, нима қиласиз шу жанжални, мана сизни қамашди, биров "миқ" этдими? Халқингиз хали бу нарсаларга тайёр эмас," деди миршаб.
Унинг гапи ханжардай ботди. Уйга келдим, оилани севинтирдим, аммо юрак ғаш эди. Ичимда ҳалокатли тушкунлик хис этдим. Ожизликни доим рад қилган ғурур ортиқ йуқ эди. Кимдир "сенинг йўлинг тўғри," дейишини истардим. "Сен доим тўғрини гапирдинг, ҳеч кимга хиёнат қилмадинг, миллатингга доим яхшилик тиладинг," дейишини истардим Айни пайтда, бундай истакнинг нақадар уятли эканлигини билардим. Чунки, мен одамларга далда бериш учун майдонга чиққандим, улардан далда олиш учун эмас.
Сиёсат - тош ёмғири остидаги хаётдир. Бу тошларни гўллар каби қабул этмок сенга фарз. "Мени тушунмадингиз, мен бошқа нарсани айтаяпман," дея олмайсан, чунки, бу фойдасиздир. Тушунмасилик - бошқаларнинг вазифаси, айтиш эса, сенинг вазифанг.
"Фалончи хиёнат қилди," дейишга ҳам хаққинг йуқ, чунки, ҳеч ким сен танлаган ғояга содиқ бўлиш мажбуриятида эмас. Бу йўлга кирдингми, изтиробга қарши исён этма. Оллоҳга шукр эт. Зотан, бутун умринг давомида шу хаётни орзу қилгандинг, шу хаёт ҳаёлида шеьрлар ёзгандинг, мана, ўзи қаршингда турибди, қабул эт. Фақат иккиланма, шубхаланма, шикоят қилма, инграма. Бу йўлдан қайтиш йуқдир. Ё ғозий ё шахид, Оллоҳу акбар...
Эртаси куни "кўз ойдин"га дўстлар келишди. Бирга чойхонага кетдик, чойхона ошидан едик. Кузатувчи-"қуйруқ"лар аввалгидан ҳам яқинроқ таьқибга олгандилар. Кайфиятимиз кўтарилмади. Мен сафдош дўстларга, "агар бугун яна олишса ва уч кун ичида қуйиб юборишмаса, билинг-ки, сиёсий очлик бошлаган бўламан, жамоатчиликка шундай эьлон қиласизлар," дедим. Аммо у кун тегишмади. У кун уйда ётдим.
Эртаси куни ҳам тегишмади. Яна бир кундан сўнг ярим тунда уйга ёзувчи Мамадали Маҳмуд бошлиқ бир гурух дўстлар келди... Улар "эрталаб сени олишади, бу ердан кетишинг керак," дейишди. Мен уйқум келаётган эди, "эртага гаплашайлик," деб уларни зўрға жўнатдим.
Ўзбекистондан кетишни истамасдим. Буни хотинга айтдим, у ҳам маьқуллади. Мени қамасалар, оила Хоразмга кўчадиган бўлди, буни маслаҳатлашиб олдик. Хотиржам уйқуга кетдим. Аммо соат тонгги тўртда яна уйғотишди. яна ўша "делегатсия".
Мамадали қуюниб гапирди, қамоқда ҳеч нарса қилолмайсан, лекин ташқарида бир ишлар қилишинг мумкин, деди. Агар қамалсанг, йигитларнинг ҳам руҳи тушиб кетади, ташкилот ўлади, деди.
Улар билан кўчага чиққанимда, соат беш эди. Негадир, уй атрофида кечаю кундуз ўраб турадиган кузатувчилар кўринмасди. Бундан сал шубҳаландим. "Менинг Ўзбекистондан кетишимни хукумат ўзи уюштирмаётганмикан?" , деган фикр пайдо бўлди. Келган дўстлар ичида биттаси аввал милитсияда ишлаганди, бу гумонни янада кучайтирди. Лекин буни ҳеч кимга айтмадим, чунки, бу одам бир неча йилдир ташкилотга муҳим хизматлар қилганди, уни инжитишни истамадим. Хуллас, қатьий бир қарорсиз, иккилана-иккилана Бокуга кетдим. У ерда Озорбойжон Президенти Абулфайз Элчибей билан кўришдик. Сизнинг вазиятда ташқарида фаолият олиб бориш оптимал йўл, деди Элчибей. Бу фаолият учун ёрдамини аямаяжагини айтди...
15 апрел куни Истанбулга келдим. ҳаво майдонида Озорбойжоннинг Истанбулдаги Бош Консули, эски дўстим, шоир Аббос Абдулла қаршилади. Унинг уйида тун бўйи уҳламай дардлашдик.
Икки кун сўнгра, 17 апрел куни Туркия президенти Тургут Узол қабул қиладиган бўлди. Учрашув соати йигирма-ю уттизга белгиланган эди. Соат ўн тўрт уттизда Истанбулдан Анкарага учоқда келдим. Туркия Бошбоконлигининг (Премер-министрлик) маьмурлари кутиб олишди. Уларнинг қиёфасидаги саросимани кўриб, "нима бўлди, тинчликми?" деб сўрадим. Афсус, тинчлик эмас, уч соат аввал Президентимиз вафот этди, дейишди.
Шу кундан бошлаб, 11 йилдир давом этаётган сургун ҳаётим бошланди".
(Муҳаммад Солиҳнинг хотираларидан)

Биринчи саҳифага | «Балоғат» саҳифасига

 §  Ғурбатда

«Аввал Туркия (1993), сўнгра Германияга (1994) қувғин қилинган Солиҳ «Нурафшон кунлар сари» номли машҳур чиқишларидан бирида халқни озод яшаб, ҳур фиклашга чақираркан, нурафшон кунлар, Ўзбекистон ҳур ва демократик бўлишига умид билан яшаш керак дейди...

Хиёбоннинг тўрида танҳо ва мағрур, ўз хаёллари билан банд яшаётган ҳайкал мисол, Солиҳ ҳам шуҳрат ва машҳурлик мевасини татиб кўрганлардан... Аммо бугун у ёлғиз ва қувғиндадир.

Балки, бу ҳолат ташбиҳини унинг ўз сўзларидан излаш керакмикин: «Буюк инсон – абадий ёлғиздир»...»

( Ruth Diebler Literature and Politics: Mohammed Salih and Political Change in Uzbekistan From 1979 to 1995 , Indiana University, Bloomington – 1996)