Муҳаммад Солиҳнинг балоғат ёши

" 1984 йилга келиб мен ўзим ҳам сезмаган ҳолда жуда "тушунарли" шеърлар ёза бошладим. Аввалгидай ташбеҳга ўчлик йўқ эди. Аввалгидай сўз билан расм чизишга, манзара яратишга мойиллик ғойиб бўлганди. Сийнада бир оғриқ уйғонганди, ҳаво бузилишини олдиндан сезадиган ревматизм мубталоси каби, юрак нималарнидир сеза бошлаганди. Шу кунгача фақат шеърий образ сифатида яшаб келган "Ватан" ва "ҳуррият" тушунчалари бирдан моддийлаша бошлаганди. Мен бир максималист сифатида узоқ давом этадиган тактик курашни ҳеч қачон қабул қилмагандим. Номига "жумҳурият" бўлиш, номига "суверен" бўлиш фақат халқнинг норозилигини босиб туриш учун хизмат қилади, яхшиси мустамлакачи ўзини "мустамлакачи" деб айтсин, қул эса, ўзининг қуллигини билсин, деган фикрда эдим.."
М. Солиҳнинг «Йўлнома» китобидан


Саркаш тўлқинлар
(Президент сайлови олдидан)

Бундан қарийб йигирма йилча муқаддам, рассом укам устохонасида унинг катта қилиб чизилган суратини кўрганман. Сўнг ўзи билан учрашиб, негадир кўнглим тўлмаган, қўпол, ўта такаббур, ҳатто худбинроққа ўхшаб туюлганди менга. Буни Темурдан яширмадим ҳам. Ўшанда у “Ака, Муҳаммад Солиҳ яхши шоир, кўнгли тоза, фидойи йигит. Табиатан шунақароқ, холос, кейин билиб оласиз”, деганди.

Ростданам ҳар ким англаб етавермайдиган ҳулқ-атворли бу шоир билан кейинча яқиндан таниш бўлиб қолдим. Менинг назаримда у олисдаги баланд тоғлар бағридан сизиб чиқан, атрофдаги яшиллик оламига оби-ҳаёт бахш этаётган сокин чашмага ўхшайди. Бу чашманинг исёнкор, саркаш тўлқинлари бор. Гап унинг бизлар учун ҳозирча анъанавий бўлмаган услубдаги шеърлари ва уларда яширилган маъно ҳақида кетмоқда. Бу маънолар ғалвирак бодом мағзидай кафтингизга дарров тушақолмайди, уни андак ақл тарозусига солиб “чақмоқ” керак.

Шоирнинг кейинги йиллардаги энг долзарб, оғриқли муаммоларини ўз ичига олган маърузалари, марказий ҳамда маҳаллий матбуот саҳифаларида тез-тез босилиб турадиган публицистикаси ҳеч қачон, ҳеч кимни бефарқ қолдирган эмас, қизғин тортишувларга сабаб бўлган. Солиҳнинг бу ижтимоий, сиёсий мавзудаги мақолалари ўз вақтида Мустақиллик, Истиқлол, миллий қадр-қиммат ғояларини ҳаммадан олдинроқ халққа етказган, кўпчиликнинг “кўзини очган” сабоқнома вазифасини ўтади.

Ёзувчилар уюшмамизга сайлангач, Муҳаммад Солиҳ Бўстонлиқ ҳимоясига шайланган ижодкорларнинг олдинги сафида турди. Жумҳуриятимизда халқ демократик ҳаракатининг илк куртаги - “Бирлик” ташкилотини тузишда катта фаоллик кўрсатди. Унинг номзоди халқ депутатлигига кўрсатилиши баъзи амалдлрларни чўчитиб юборди. Ёшлар шоир номзодини ёқлаб, қонуний митингга йиғилганларида, майдон атрофида зир югуриб, милиция ходимларига “уриб ҳайданглар, тарқатинглар буларни!”, дея ғиж-ғижловчи буйруқ бериб юрганларнинг кўпини кўрганмиз. Қарангки, ўшанда район милиция состави талаба-қизлар устига бостириб бормади, ҳатто улар эртаси кун ўз бўлинмаларининг мажлислар залида Муҳаммад Солиҳни ёқлаб, йиғилиш ўтказишди.

Бу “бедодлик”дан Россияда асфальт бетончи бўлиб ишлаб, бизда Тошкентдай шаҳри азимнинг “оқпошшо”лигини эгаллаган Сатин жаноблари қай даражада жазавага тушгани, кимларга партиявий жазо бериб, кимларни мажлисларда “дўппослагани” алоҳида мавзу... “Мен уни кўриш тугул, “Магамет” деган номини эшитишни ҳам истамайман!”, деб бақирган экан йиғилишлардан бирида.

Қаранг, подшоҳимнинг кўнгилхушлиги деганларидай, орадан кўп ўтмай, бу истакни амалга оширадиганлар топилақолди: “расмий ёлғончи”лиги билан кўпчиликнинг норозилигига сабаб бўлган ЎзТАГ мухбирлари худди ўттиз еттинчи йилларнинг жирканч усулини эслатувчи катта мақолани бир йўла бир неча газеталарда эълон қилиб, шоирни “фош” этишди. Уни порлоқ келажакни кўрабилмайдиган ғаламисга чиқариб қўяёздилар.

Юқорининг кўрсатмасига биноан уюштирилган бу иғвогарликка қарши минглаб ёш-яланглар ЎзТАГ биноси, Инқилоб хиёбони атрофидаги кўчаларни тўлдириб норозилик намойиши уюштирдилар...

Яна ўша “Муҳаммаднинг асл қиёфаси” бутун Ўзбекистонга овоза қилиб юборилган кунлар биз Мирзо Кенжабек билан шу воқеанинг гувоҳи бўлганмиз: азон пайтида Муҳаммад Солиҳ яшайдиган бинонинг эшиги остонасида бир ҳовучгина бўлиб ўтирган кекса онахонга кўзимиз тушди. У тепа қаватга кўтарилишга юраги бетламайми, юм-юм йиғларди. Момо узоқ Хоразмдан етиб келибди. Бизни кўрибоқ, сўрагани шу бўлди: “Болаларим, ўғлим шу ердами? Ҳеч қаёққа олиб кетишмаганми?”...

Кўп ўтмай ўшаларга қарата Мирзо “Шоирнинг онаси” шеърини ёзди. Унда қуйидаги мисралар бор,

Шоирнинг айбими ҳақни уққани?
Онанинг айбими шоир туққани?
Ҳақ қани? Ҳақиқат тиккан туғ қани?
Шоирнинг онаси нима кўради?

Мадомики, биз ҳам кўплар қатори ўзимизни демократ деб атаётган эканмиз, жумҳуриятимиз президентлигига муқобил номзодлар кўрсатилганлиги расман тан олинган экан, инсоф юзасида ҳар икки томоннинг ҳақ-ҳуқуқи баробар бўлсин.

“Пошшо ўлди. Яшасин пошшоваччалар!” деган заҳарханда нақл бор. Бизда ҳамон “сотинваччалар” яйраб-яшнаб юришганга ўхшайди. Куни-кеча шаҳарнинг Собир Рахимов районида бўлиб ўтган йиғилишда сўз олганлардан бири Муҳаммад (“Магамет” эмас!) Солиҳ номини айтиб юборди-ю, юқорида ўтирган бошлиқ чаён чаққандай сапчиб тушди ва бақирди: “Қўйинг, ўша номни тилга олманг!”

Биз, мана бир неча йиллардан бери ошкоралик, ҳурфикрлилик, дея наъра тортиб келаётибмиз. Аммо уларга қачон амал қиладиган бўламиз? Баъзи раҳбарларимиз онгини ўз қавми жонкуярларига нисбатан аламзадалик эмас, бирдамлик, миллатпарварлик тушунчалари қачон эгалларкин! Худо уларга ҳам инсоф берармикан?!

Яна бир мисол: яқинда Бўстонлик маорифчиларининг бошлиғи кўпчиликни йиғиб, президент сайлови ҳақида маъруза қилди. Масхараомуз оҳангда “Муҳаммад Солиҳ дегани чиқибди. Президент бўлмоқчи эмиш, шоир экан, шеърини ёзавермайдими,” деган мазмундаги гапларни айтди.

М. Солиҳнинг бир неча йил аввал эълон қилинган мақолаларидан бирида шундай жумлалар бор: “Биз юксак онгли инсон тарбияси ҳақида кўп гапирамиз. Бугун қарасак, ҳалол одамлар биз ўйлаганчалик кўп эмас экан. Улар бизнинг боқчаларимизда тарбия топди, мактабларимизда ўқиди. Олий ўқув юртларини битириб диплом олди-ю, илм-иймон олмади. Улар на Худо, на шайтонга ишонади, фақат ўз қорнини ўйлаб яшайди. Зотан, маданияти чуқур бўлмаган инсон ҳалол бўлолмайди.”

Ҳақ гап! Ҳозир одамлар баландпарвоз мақтовлардан, қуруқ ваъдалардан тўйиб турган бир пайтда, уларнинг юзига қараб, қизишмай оқилона, ҳалол гаплар айтиш жуда-жуда зарур! Буни, бир жуқт калиш олиш учун жиққамушт бўлиб ётган оломон, кун бўйи зир югуриб дурустроқ егулик, оддийгина кийим-кечак тополмай кўнгли ярам ҳолда болалари ҳузурига қайтаётган фуқароларнинг дарди бир четда қолиб, минбарни шоирларнинг оқ калтак-қора калтак қилиб, “адабини бериб қўйиш жойи”га айлантириб олган оғзи ботир, сўзи кескир халқ ноиблари тушунмоқлари лозим! Яна уларга шу маълум бўлсин-ки, давлатни бошқариш йўриқларига оид қадимги Ҳинд “Таъбирнома”ларида “жоҳиллари устивор бўлган юртда шоирларга тош отилур”, деган жумлалар бекорга ёзиб қўйилмаган.

Биз мислсиз истибдод даври, деб қоралаб келган ўтмиш замонларда ҳам ҳеч ким Ҳазрат Навоий, Мирзо Бобур, Умархон, Хоразмий, Нодирабегимга фақат шеър ёзинглар, давлатни бошқариш палончи акамизга яраша, деб айтмаган.

Бу даражадаги нодонликдан шоирнинг куюниб ёзганича бор:

Кулинг, сўкинг. Бу кун урф булар,
Деманг: шеърни ардоқлаган Шарқ.
Ёқавайрон шоирдан кулар
Дунёда ҳар хонавайрон халқ.
Ўйланг! Қўйманг! Нур ҳам ёв бўлар!
Жаҳолатнинг дунёси ажиб!
Кейин қандоқ яшарсиз, булар
Кўзингизни қўйсалар очиб?!

Дарвоқе, Муҳаммад Солиҳнинг ўзи ким?

Уни билиб-билмасликка, таниб-танимасликка олиб юрган ўртоқларга яна шуни маълум қилиб қўймоқчиман: жумҳуриятнинг тўла мустақиллиги ғоясини биринчилардан бўлиб кўтириб чиққанида, бундай ғайритузум “баёнот”га норозилик сифатида Олий Кенгашдаги “ватанпарварлар” ер тепиб, уни минбардан тушириб юборишганди... Хайрият! Бу “хатолик” кўп ўтмай тузатилди! Яна, Иттифоқ шартномасига имзо чекиш миллат олдидаги катта жиноятдир, деб қаттиқ туриб олган ва ўз фикрини маълум даражада ўтказа олган ҳам мана шу зот бўлади!

У “қандайдир шоир” ёки тасодифан ўйин майдонига тушиб қолган ҳаваскор эмас!

Муҳаммад Солиҳ - бу Шахс!

Дадахон Нурий

(“Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетининг 1991 йил 20 декабр сонидан)

Биринчи саҳифага | «Талабалик» саҳифасига | «Ғурбатда» саҳифасига

 §    Балоғат

МУМКИН

Сўзингни айтмаёқ ейишинг мумкин,
Ҳали ҳам бор бўлса айтажак сўзинг.
Мўмин мусулмонман", дейишинг мумкин,
Ҳали ҳам мусулмон бўлмасанг ўзинг.
"Оқ туя кўрдингми", деб сўрасалар,
"Кўрмадим" дейишинг мумкиндир кўриб.
Агар виждон қийнаб, топсанг ҳафсала
Уйингда йиғлашинг мумкин ўкириб.
Тишни тишга босиб мумкин чидамоқ,
Агар қолган бўлса оғзингда тишлар.
Мумкиндир - суякка етганда пичоқ,
Бутун қолган бўлса суягинг агар.
Чидамоқ мумкиндир токи ўлгунча,
Агар аллақачон ўлмаган бўлсанг.

1984
("Олис табассум сояси", 1986
)