Муҳаммад Солиҳ публицистикаси
Биринчи саҳифага Шеърият Публицистика
Башарадан айрилиқ
Ҳибсга олинганларга маҳкамага чиққунларига қадар кўзгу бермайдилар. Менга ҳам беришмади, ва мен ўз башарамдан айрилдим.

Ҳар сабоҳ соқолимни тарошларкан, юзимни қўлларим билан кўраман, аммо қўлларим кўз каби кескин кўра олмайди. Шу боис, адвокат билан ва ёки бошқа зиёратчилар билан кўришишга борарканман, елкаларимда назоратдан ўтмаган бир каллани кўтариб келаётганимни ҳис этаман.

Хужра (камера)даги хаво хаддан ташқари қуруқ бўлганидан (батарянинг таъсири, балки) юз териси қуроқлашиб, худди бошга бир ниқоб, бир маска кийдирилган каби ҳис этасан ўзингни ва бу холат ўша юз билан айрилиқ туйғусини яна ҳам кучайтиради.

Табий, бундай бир юз (ёки чеҳра) кундалик турмушда зарурий бўлган маневрларга ҳеч тайёр эмас. Масалан, мен панжара орқасидан зиёратчимга кулимсирасам, менинг юзим ҳам кулимсирайдими, йўқми, мен буни билолмайман. Ёки бу юз мени зиёратчига олиб келган соқчи каби четдан кузататиб турадими фақат? Ва ёки масалан, мен гапираркан, бу юз нима қилади: менинг айтганларимни имо-ишора (мимика)лар билан тасдиқ этадими, ёки аксинча, инкор этадими? Ёки бу юз мендан айрилганидан мамнун, назоратимдан қутулганидан хурсандми?

Ҳар холда, у энди зиёратчимнинг табассумига жавобан, саноқсиз юзларга ҳибс этган-у миллёнларча кулимсирашларга монанд бир маҳсулотни намойиш қилиш учун ўз пайларини чарчатмаяжак.

Табассум хақида гапираяпман, чунки, табассум - айниқса, дунёмизнинг "маданий" қисмида - инсон чеҳрасининг энг кўп эҳтёж туядиган ҳаракатдир. Инсонлар тинмай кулимсирашга маҳкумлдирар, уларнинг чеҳралари бу оғёир меҳнатдан аллақачон чарчаб бўлганлар.

Эҳтимол, шу сабабдан, ўликлар ичида табассум қилганлари камдан-кам учрайди. Балки, юзига табассум ёйилган бир-икки ўлик кўрган бўлишингиз мумкин, аммо кейинроқ уларанинг бир диндор бўлганлигидан огоҳ бўласиз, улар бу ҳаётда кўп йиғлаб, оз табассум қилганлари учун, ва ёки Аллохнинг васлига эришганидан қувониб, табассум этганилигига шоҳид бўласиз. Яъни ҳатто ўликларнинг табассуми ҳам биз учун эмас.

Кулимсирашга шундай назар билан қараганим туфайли балки, бу ишни хаётмда хеч тўғри қилаолмаганимдан келиб чиққан бўлиши ҳам мумкин. Бу ҳусусда доим оқсаганман. Масалан, ёшлигимда шундай бир шеър ёзгандим:

Чормихла парчинланган табассум - Икки бурчагига мих қоқиб, башарага парчинланган табассум. Мен сизга яхши кўринмак учун бундан баттар оғриққа ҳам чидашга ҳозирман.

Хақиқатдан ҳам, халқ ичида бу қўл меҳнати, бу кулимсираш у лойиқ бўлмаган бир ҳурмат билан ташвиқ этилади. Дейлик, бир сиёсатчи таъсирли шаклда кулимсирашни амаллай олмаса, у "халқ ичидан чиққан сиёсатчи, ўзимизга ўхшаган камтарин йигит" каби рекламага ноил бўла олмайди.

Кулимсираш фетишизми хаётимизга шу қадар ўрнашиб олганки, ҳатто диктаторлар ҳам ойна олдида туриб, юзларининг пайларини ўйнатиб, табассум санъатини мукаммал эгаллаш учун ишга киришдилар. Бу меҳнатдан ягона мақсад: Халққа яқин бўлиш! Ва телевизор экранларидан ўзининг эгаллаган санъатини намойиш қилаётган Халқбоши Диктаторнинг юзидан ёйилган "табассум" тўлқинлари ўша Халқнинг вужудини жимирлатиб юборганда у бечора Халқ: "Инсон зотининг кулимсираши бу қадар хунук бўлиши мумкин екан-да!", деб юборади!

Шунга қарамай, мен инсон юзининг энг гўзал ҳаракати бўлган табассумни тамоша қилишни севаман. Агар у болалар ёки ўз чеҳрасини назорат остида ушлашни ўйламган дехқоннинг ёки ухлаётган бир бокира қизнинг ё бўлмаса, бир авлиёнинг табассуми бўлса.

Бу хил кулимсирашлар гўё "санъат санъат учун" назарияси асосида яратилган бир иннтеллектуал асар мисоли ва ёки "рақс ичида рақс" мисоли теран мазмунли ҳаракатлардир. Улар балки, яна ҳам кўпроқ, бир дуога ўхшайди. Бу кулимсирашлар ўз ичларига, айни пайтда ташқарига, коинотга, галактикага узанган бир енергиядир. Бундай ҳолатда, кулимсираш инсон юзини оғритмайди, аксинча, инсоннинг юзи ўз атрофида чизган табассумдан лаззат олади.
Атрофини чизган, дедим, чунки, кулимсирашни инсон юзи яратмайди (у ташқаридан берилади), инсон юзи табассумга бир гардиш, бир чорчўп ясайди холос.

Мен Панкратс қамоқхонасида иккинчи кунимни бошларкан ‘’балки, бу ерда на кулимсирашга ва на бошқа бир имо-ишоратга ҳожат бўлмагани учун ҳам мен ўз юзимдан айри тушдим’’, деган бир фикр келди бошимга. Бу кўп мантиқли бир фикр эди, аслида. Бу ерда ҳақиқатдан ҳам инсон чеҳрасининг озодликда еҳтиёж туябилажаги ҳеч бир мимикага еҳтиёжи қолмайди.

Бу ерда ҳеч ким бир-бирининг кўзларига боқмайди, бу ерда сенга мурожаат қилсалар, гўё сен шаффоф бир борлиқ каби, гўё сен йўқ каби, бир бўшлиққа каби мурожаат қиладилар. Бўшлиққа отилган ҳар калима буюк гулдуросга айланади, ҳар калима даҳшатли шаклда теран тушунилади, яъни, сўзларни, ташқарида кўникилгани каби, юз мимикаси билан тўлдиришга ҳеч эҳтиёж қолмйди.

Шу сабабдан, бу ерга кирган ҳар бир инсоннинг ўз юзуни шахсий ашёлари билан бирга қамоқхона маъмурларига топширдим, деб ўйлаши зарур. Ва бу фикрга ўзини кўниктириши керак. Акс ҳолда, инсан бир неча кун қийналиши турган гап, бўлар-бўлмас хаёлларга, энг ёмони, озодлик ҳақдаги орзулрга берилиши мумкин. Бу яхши эмас. Шуни билинг-ки, истайсизми, истамайсизми, бу совуқ ҳужрада уйғонажагингиз илк тонгдаёқ сизинг юзингиз сиздан айрилажакдир.

5.12.01,
Панкратс Қамоқхонаси, 524 - камера, Прага.
Муҳаммад Солиҳ


Ақлнинг йўли – демократия

"...олижаноб кишилардан

ўзга ҳеч кимса

эркинликка муносиб эмасдир... ."

(Туркия туркчасидан таржима)
Дониёда (бу янглиш хабар, Солиҳ Норвегияда яшаяпти, Таҳр.)  сургунда яшаётган Ўзбек мухолифати лидери Солиҳ, “Радикал” газетасига “Каримовнинг Туркиянинг ёрдамига маҳкум эканини, аммо Туркиянинг манфаатлари Ўзбекистонда демократияни қўллашда эканини таъкидлади

 

Жaйдo ҚОРОН
"Радикал"  газетаси,
15 январ, 2001 йил

Жайдо Қорон: Бош Вазир Буленд Эжевит  бир пайтлар сизнинг шеър китобларингизга сўзбошилар ёзар ва сизнинг “эрк масаласини баланд кўтарганингизни” айтар эди. Собиқ Президентлар Ўзал ва Демирал ҳам сизга қўл қанот кериб, ёрдам бермоқчи эдилар, энди нима бўлди-ю ёрдамга энг муҳтож бўлган бир даврда сизни четга чиқардилар. Нима бўлдики, ”бу масала” Туркиядан қувилди?
М. Солиҳ: Туркияга илк келганимда бутун сиёсий лидерлар билан танишгандим ва бир Туркистонли ўлароқ Туркия сиёсий ҳаётидаги соғ-сўл (чап-ўнг қанот партиялар) масалаларига аралашмасликка қарор бергандим. Раҳматли Ўзал Ўрта Осиёга сафаридан кейин жуда тушкун кайфиятда қайтганди. У ердаги режимларнинг минтақада беқарорлик пайдо қила бошлаганини ўз кўзлари билан кўрганди.

17 апрел 1993 йили Ўзал билан учрашишимиз керак эди, аммо насиб қилмади, ўша куни Ўзал вафот қилди. Кейин Бош вазирлик пайтида Демирел ҳам мухолифатни қўллашга сўз берди, аммо Каримовнинг тазйиқи билан сўзидан қайтди.
Каримов кучлиларга бош эгиб заифлардан нафратланадиган шахс. Туркиянинг дипломатик чекинишларини ожизлик деб қабул қилди ва дарров актив ҳужумга ўтди. “Туркия менинг душманимга бошпана берди деб элчисини чақириб олди. Тазйиқ мен Туркиядан чиқиб кетгунча давам этди. Ниҳоят мен 1994 да Олмонияга кетдим. Аммо Туркиядан хафа бўлмадим, чегаралар уники, истаганини бу чегарадан чиқариши мумкин.
Ҳа, у пайтлар Туркиянинг ёрдамига эҳтиёжимиз бор эди, бугун ҳам бор. Аммо биз ёрдам дер екан, демократиянинг экспорт қилинишини истаётганимиз йўқ, биз демократияни ўз қўлларимиз билан, қувғинлар, қамоқлар, идомлар исканжасида қуришга маҳкуммиз. Биз ёрдам дер экан, бу оғир босқичда Туркуя каби бир қардош ўлканинг сиёсий ва маънавий ёрдамини назарда тутдик.
Жайдо Қорон: Президент Сезар, Ўрта Осиё саёҳатини Ўзбекистондан бошлади. Туркия Ташкентга ҳарбий ва техник ёрдамлар ваьда қилди, бунга қандай қарайсиз?
М. Солиҳ: Бу зиёратга жуда севиндик. Сезар ҳар нарсани ўз кўзи билан кўрди. Биз мухолифат ўлароқ Туркиянинг Турк Жумҳуриятларига яқинлигини доим истадик, бунинг учун нимани ичга ютиш керак бўлса ютдик. Туркиянинг Ўрта Осиё сиёсатини НАТО стратегияси доирасида юритгани кутилган самарани бермади. НАТОнинг Совет давридан кейинги “Ўрта Осиё давлатларининг демократияга юмшоқ ўтиши” умиди рўёбга чиқмади.
Зотан, бу режимларнинг ўзагини ташкил қилган раҳбар кадрлар демократияга душманлик руҳуда вояга етган кишилар эди. Улар “халқимиз демократияга тайёр эмас” дер эдилар, чунки улрнинг ўзлари тайёр эмасдилар. Бу ҳақиқатни кўриш учун ҳам ўн йил керак бўлди. Бу босқичда Туркиянинг Ўрта Осё сиёсати ўзгармагани каби Ўзбекистонга ҳам муносабати ўзгармади, албатта. Ўзгарган доим Каримов ва унинг “Туркия сиёсати” бўлди. Энди ҳурматли Каримов оғир аҳволда. Халқ йўқсилликдан исён қилишга тайёр вазиятга келган, мухолифлар зиндонларга сиғмаяпти, радикал исломчилар ўлка чегараларига тинимсиз хавф солмоқда ва ҳурматли Каримов албатта яна Туркияни қучоқлайди, ундан ёрдам истайди, бу энг ақлли иш, чунки Туркия ёрдам этмоқ истаган давлатлар ичида ғарази энг оз бўлган давлат.
Ишонинг-ки, Каримов бу оғир аҳволдан тўла қутилмагунча Туркиядан юз ўгирмайди, Туркия сиёсатини ўзгартирмайди. Туркия бундан фойдаланиши керак. Масалан, Туркия бугунгача ҳеч талаб этмаган “инсон ҳақлари ва демократлашув”ни бемалол тилга келтириши мумкин.
Каримовнинг “Туркия аллергиясидан” қўрққан баъзи турк бюрократлар” Каримовни ҳуркутиб юбормайлик, оғалик қилмайлик” дея бошладилар. Ваҳоланки, 1994 йилгача ўзбеклар Туркистон турклари саналарди, Туркия туркларини эса “усмонли турклар” дейишарди.
Каримов бугун минбардан “биз турк эмасмиз” деган бўлса бу, фақат бу сўзларни айтган одам учун тўғри бўлади.
Бир замонлар менинг боболарим сизнинг боболарингизга оғалик қилган эдилар. Оғалик карвони Аҳмад Яссавийнинг Онадўлуга йўллаган муридларидан то (Отатурк бошчилик қилган) Қутилиш Жабҳасига қурол аслаҳа етиштириб турган Истанбулдаги ўзбек дарвишларининг ҳонақоҳигача, ундан Бухоро Жумҳуриятиниг Антанта исканжасида қолган Туркияга юборган олтинларига қадар узангандир.
Энди навбат укамиз Туркияга келибди. Хитой нима дейди, Русия нима дер экан деб истиҳола қилмасдан вазифангизни бажармоқ фурсати келди... Оғанинг авваламбор, укалар ўртасида адолатни ўрнатмоғи лозимдир. Сўнгра тўғриликни, диёнатни ўрнатмоғи керак. Ва оғанинг бир золимни қўллаши ҳеч мумкин эмас. Ўзбекистоннинг  диктаторлик билан бошқарилиши қандай қилиб Туркиянинг миллий манфаати бўлиши мумкин? Йўқ, бу Туркиянинг манфаати бўла олмайди. Жуда нари борса, бу Ўзбекистонда ширкат қурган ўзбек диктаторининг ҳаром дастурхонига яқин уч-тўртт бизнесменнинг манфаати бўлиши мумкин.
Бу минтақaда Туркиядан олган миллиёнларини текин олишга интилмаган, олган қарзини вақтида тўлайдиган номусли бир ҳукумат бўлсайди, бу Туркиянинг манфаати бўларди. Фақат бундай зеҳният Ўрта Осиёни идора қилаётган лидерларга бегонадир. Бундай зеҳният демократик сайловлардагина ҳокимиятга келиши мумкин. Демак, у ерларга демократиянинг келиши Туркиянинг воз кечиб бўлмайдиган манфаатидир.
Жайдо Қорон: Каримов  сизни ўзига қарши уюштирилган суиқасдда айблади, бу воқеага алоқангиз борми?
М. Солиҳ: Каримов ўз-ўзига суиқасд тайёрлади, аммо жуда муваффақиятсиз тайёрлади бу суиқасдни. Бир кишини ўлдирмоқ учун олтита жойда бомба портлатиш қайси дохий провакаторнинг ақлига келган екан?
Бомба портлатганларга “агар айбни мухолифатга йукласанглар қутулиб кетасизлар” дейишди ва улар ҳам рози бўлишди, аммо маҳкамадан кейин дарҳол ўлдирилдилар. Шундай қилиб “суиқасд” сенарияси ҳам улар билан ерга кўмилди. Маҳкама жиноятни очиш учун эмас, уни ёпиш учун қилинди. Бу маҳкама портлашларда менинг иштирокимга оид битта ҳам далил топа олмади. Бу провакатсия “ЭРК” Партиясини сайлаовларда қатнаштирмаслик учун қилинганди. Ва ” ЭРК” сайловларда қатнаша олмади.
Жайдо Қорон: Сизнинг миллиятчи ва диндор эканлигингиз ҳақида гап-сўзлар бор. Ўзбекистондаги диний оқимларга қарашингиз қандай?
М. Солиҳ: Сўфилар  “Мўминмисан?” деган саволга “ИншОллоҳ, мўминман!” деб явоб берарканлар. Мен ҳам уларга тақлид қилиб “ИншОллоҳ, диндорман!” деб жавоб бераман. Лекин бу мендан бошқани қизиқтирмайди, менинг эътиқодим бу. Ўзбек миллиятчиси эмасман, чунки ўзбекларни этник жиҳатдан бошқа турклардан айри бир миллат ўлароқ кўрмайман.
Жайдо Қорон: Туркияда  баъзи доирлар тарафидан шариатчи ва миллиятчи қатламлар билан исмингизни боғлаб гапиришади, бу миш-мишларнинг манбаи қайерда сизнингча?
М. Солиҳ: Менга шариатчи деганларга аввалроқ бир жавоб бергандим, шуни яна такрорлайман: “...Оллоҳга инонаман, агар инонмоқ шариатчилик бўлса, ўзбекларнинг деярли ҳаммаси шариатчидир. Бир-икки ўзлигини танимаган ўртага чиқиб “мен Ваҳҳобийман” ёки “мен Ҳизби ут таҳрирчиман” дея Диктаторнинг тегирмонига сув қуйиб, унинг диндорларга қилаётган зулмини янада ўсишига сабабчи бўлган бўлди, афсус. Аммо ўзбекларни на диний таассуб ва на да коммунистларнинг атеизми тўғри йўлдан адаштира олади. Туркистон турклари муслимон ўлароқ доим ўрта йўлни тутиб келгандирлар. Улардан “тубдандинчи” (фундаменталист) чиқара олмайдилар. Мен Туркияда қолганим муддат ичида диндор билан ҳам диндор бўлмаганлар билан ҳам кўришдим ва бу бир куни мен учун муаммо бўлади деб ўйламадим. Каримовнинг менга қарши пропагандаси Туркияда ғийбат ва миш-миш даражасидан юқорига кўтарилмагандир.
Жайдо Қорон: Каримовнинг бир Президент сифатида халқ тарафидан қўллаб-қувватлангани ҳақида гапириш қийин, у қандай қилиб ҳокимият тепасида қолишга муаффақ бўлаяпти?
М. Солиҳ: Каримов классик бир диктатор сифатида атрофидаги ҳаммадан шубҳаланади. И кки-уч кишини истисно қилганда, атрофидаги кадрларни давомли алмаштириб туради. Ҳокимиятда қолишнинг яна бир таянчи, КГБ ва миршабдаги ўзбек бўлмаган зобитлар. Улар яхши пул эвазига жосусликни ҳам муҳофизлик вазифасини ҳам исталган савияда бажаришади. Бу вазифани бир ўзбек бажаришдан бош тортиши мумкин. Шунинг учун ҳам Каримовнинг ҳеч ўзгармаган Бош Вазири бир арман хотиннинг ўғли... Бу одам ўзига шу қадар ишонадики, Ўзбекистонда туғилганига қарамасдан хали ҳам ўзбекчани ўргангани йўқ... Ўзбекистон зиндонларида сиёсий ва диний қарашлари сабабли тахминимзча 40 мингга яқин одам ётибди.
Каримовнинг яқинда эълон қилинган амнистияси халққа ачиганидан эмас балки янги маҳбусларга қамоқхоналарда ўрин қолмаганидан олинган бир тадбир, холос. Каримов режими КГБ ва миршабнинг кучи билан оёқда турибди. Бу икки ташкилотнинг персонали сўнги 5 йил ичида ўн баравар кўпайтирилган. Бу ташкилотда ишлаганлар катта маош оладилар, давлатнинг турли имтиёзларидан фойдаланадилар. Муҳими, бирор жиноят қилсалар, иши ҳеч қачон судгача бормайди уларнинг иши.
Жайдо Қорон: Ўзбекистон халқи нега Каримовга қарши исён қилмайди ҳеч?
М. Солиҳ: Халқ исённинг остонасида турибди. Каримовнинг қўрқувли руёси бўлган “исломий террористлар” ўтган йил 700 тагача мужоҳид бор эди, бугун уларнинг сони 3 мингга етди. Бу мужоҳидларнинг ақилли сиёсати емас, Каримовнинг ақлсиз сиёсати мевасидир. Халқ бу золим ва ғаддор режимдан  қутқараман деган ҳар қандай тўдани қўллаш даражасига келтирилгандир.
Жайдо Қорон: ” ЭРК” Партияси сифатида ўзбек халқига таклиф қилган алтернативингиз нимадир?
М. Солиҳ: ”ЭРК” Партияси Ўзбекистонда миллий бирликни ўрната олишга қодир ягона ташкилот десак муболаға бўлмайди. 1991 йил декабр ойида халқ ”ЭРК” Партияси таклиф қилган режим алтернативини маъқуллаганди, аммо Каримов сайловларни очиқчасига сохталаштириб, ҳокимиятда қолиш муғомбирлигини кўрсатди. Бизнинг алтернативимиз: демократик ва ҳуқуқ давлатидир. Иқтисодда - эркин бозор, сиёсатда - халқчил демократиклашув...
Жайдо Қорон: Каримов ва сиз ҳаққингизда кўп гаплар айтилган саргузаштлар бор, Парламентда бир тепки еганингиз ва Каримовга иккита мушт туширганингиз ҳақида, масалан. Бу воқеа қандай юз берди?
М. Солиҳ: Парламентда Каримовга “тушириган муштлар” доим сўз шаклида бўлган, жисмоний муштлашувга қадар таназзул қилмадим. Каримов ҳам мени тепмаган, агар тепса албатта, “қарши таназзул” қилишга мажбур бўлардим...

 

 

 


 

<<Орқага>>